Президентимиз ташаббуси билан халқимиз фаровонлигини таъминлаш, олис туман ва қишлоқларда истиқомат қилаётган юртдошларимизнинг турмуш даражасини яхшилаш мақсадида узоқни кўзлаб жорий этилган “Маҳаллабай” тизимининг нақадар аҳамиятли экани ўз исботини топмоқда.
Бугун барча соҳа вакиллари каби Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ҳам юртдошларимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, туман марказларидан узоқ масофада истиқомат қилаётган аҳолига амалий кўмак бериш учун бирдамликда, ҳамжиҳатликда қўйилган вазифаларни бажариб келмоқда.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасининг энг олис ҳудудларидан бири бўлган Тахтакўпир туманининг Жанадарё овулида ҳам хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Нукус шаҳридан чамаси 150 км узоқликда жойлашган ушбу овулда 700 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг асосий даромади чорва моллари ва парранда етиштиришдан иборат. 2 оила “Темир дафтар”га, 14 нафар аёл “Аёллар дафтари”га ҳамда 18 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритилган бўлиб, улар билан тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Аҳоли соғлигини сақлаш, уларга бериладиган тиббий маслаҳат ва муолажалар сифатини ошириш, бир сўз билан айтганда ватандошларимиз саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпитали ҳамда Нукус ҳарбий госпитали, шунингдек, туман тиббиёт бирлашмаси шифокорларидан иборат тиббий бригада томонидан овулда бир неча кун давомида тиббий кўриклар ўтказилди.
Жарроҳ, невропатолог, травматолог, окулист, акушер-гинеколог, педиатр каби малакали мутахассислар томонидан ўтказилаётган чуқурлаштирилган тиббий кўриклар давомида овул аҳли ультратовуш ҳамда ЭКГ текширувидан ўтказилиб, мобил лабораторияда қон таҳлили билан бир неча сонияда танишиш имконига эга бўлди. Тиббий кўриклар сифатини ошириш ҳамда аҳоли ва шифокорларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида Мудофаа вазирлиги раҳбарияти томонидан “Ҳарбий мобил тиббий марказ” мажмуаси ҳам овулга келтирилди.
Шу куни Тошкент ва Нукусдан келган малакали мутахассисларнинг кўригидан ўтган аҳолининг қувончи ўзгача бўлди.
– Уй ишлари, рўзғор билан бўлиб туман марказидаги тиббиёт муассасаларида тиббий текширувлардан йиллар давомида ўтмай келамиз, – дейди овул фуқароси Темирали Бегалиев.
– Президентимизга раҳмат, бизни ўйлаб мана шундай узоқ манзилларга соҳа вакилларини юбораяпти. Ёшу қари ҳаммамиз бирдек хурсандмиз.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати.




