Маълумки, 2021 йил 26 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.
Яқинда Тўрткўл туманидаги 1-мактабда бўлиб ўтган тадбирда Жўқорғи Кенгес депутати, шоира Назира Матяқубова иштирок этиб, ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти, ёшларнинг ижодий қобилиятини қўллаб-қувватлаш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил тушунтириб ўтди.
— Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессансга пойдевор қўйилар экан, албатта буюк аждодларнинг давомчиси бўлган бугунги ёшлар орасидан ҳам Хоразмий, Бухорий, Навоий каби буюк алломалар етишиб чиқишига умид қиламиз, — деди Н.Матякубова ўз сўзида.
Шунингдек, тадбирда мактаб директори Комилжон Сейтимбетов ва бошқа ўқитувчилар сўзга чиқиб ёшлар тарбияси, уларнинг маънавиятини юксалтириш борасида фикр билдирдилар.
Тадбир якунида шоира мактаб кутубхонасига ўз китобларини совға қилди.
Ҳилола ЭГАМБЕРДИЕВА,
Тўрткўл тумани 1-сонли умумтаълим
мактабнинг 9-синф ўқувчиси.

