Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йил 19 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш масаласига тўхталиб, ҳар бир раҳбар ўзининг шахсий кутубхонасидан ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига китоблар совға қилса, бу яхши ташаббус бўлиб китобхонликни ривожлантириш билан фарзандларимиз тарбиясига ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлаган эди.
Ушбу эзгу ташаббус юртдошларимиз томонидан қўллаб-қувватланиб, айни пайтда корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, мутасаддилар томонидан ўзлари ўқиган мактабларга китоблар совға қилинмоқда.
“Қорақалпоқ адабиёти” газетаси бош муҳаррири Олий Мажлис Сенати аъзоси, Гулистон Аннақиличева ўзи таҳсил олган Тўрткўл туманидаги 16 сонли умумтаълим мактабига ташриф буюрди. Ўз ҳисобидан ўқувчиларга 50 донадан ортиқ янги нашр этилган бадиий адабиётлар, дарсликлар, хусусан ўзининг танланган асарлар тўпламларини совға қилди.
Тадбирда таъкидландики, Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бу амалий ташаббус энг аввало, ўсиб келаётган ёшларда болалик чоғидан китобга меҳр уйғотиш, мустақил фикр ва кенг дунёқарашни шакллантириш, уларнинг ҳаёт йўлларида мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.
Тадбир ижодкор ўқувчилар иштирокидаги мушоира билан якунланди.
Ўз мухбиримиз.



