Судьялар фуқаролар билан учрашди


Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони халқ билан мулоқат қилиш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари хал­қимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раҳбарлари ва судялари томонидан жойларда сайёр қабуллар ўтказилиши бўйича махсус дастур ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу дастурнинг ижросини таъминлаш мақсадида барча вилоятларда сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда.

Яқинда Амударё туманида Ўзбекис­тон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Б.Исаков ҳамда Олий суди судьялари томонидан сайёр қабул бўлиб ўтди.

Ўтказилган сайёр қабулда аҳолининг жиноят ишлари, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судларга мурожаатлари тингланди.

Қабул давомида 44 нафар фуқаронинг мурожаатлари тингланиб, асосан, уй-жой, мулк, оммавий ҳуқуқий муносабатлар, маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича фуқаролар билан суҳбатлар ўтказилди.

Сайёр қабулда фуқароларнинг 11 нафаридан назорат тартибидаги аризалар қабул қилинди. 33 нафар фуқарога мурожаат қилиш тартиби ва муддатлари бўйича тушунчалар берилди.

Бундан ташқари, сайёр қабул давомида жазо муддатини ўтаётганларнинг ЎзР ЖК нинг 73 –моддасига мувофиқ, жазони ўташдан муддатидан олдин  озод қилиш бўйича таклифлари кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди ва 7 нафар шахс шартли турда жазодан озод этилди. Шунинг­дек. 1 нафар шахснинг ЎзРЖК нинг 75-моддасига мувофиқ, касаллиги ёки меҳнат қобилиятини йўқотиши натижасида жазодан озод этиш бўйича мурожаати кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилди.

Шу куни Амударё тумани Халқ қабулхонасига ҳуқуқий адабиёт­лар ­совға қилинди.

Ҳудди шундай сайёр қабул Қўнғирот туманида ҳам бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон хабар

агентлиги.