Мурожаатлар эътибордан четда қолмади


Жорий йилнинг 1 май куни Қораўзак тумани “Маданият” овул фуқаролар йиғинида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязовнинг Қораўзак, Тахтакўпир, Чимбой ва Кегейли туманларидаги фуқаролар билан сайёр қабули бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонаси томонидан ташкил этилган тадбирда вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, туманларнинг 4 та сектор раҳбарлари, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда фуқаролар асосан, уй-жой билан таъминлаш, ишга жойлашиш, йўл қурилиши, коммунал хизмат кўрсатиш, даволаниш, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари фаолияти, имтиёзли кредит олиш ва бошқа бир қатор масалалар бўйича мурожаат қилишди. Жумладан, Кегейли тумани “Жанабазар” овул фуқаролар йиғинида яшовчи Елмурат Калимбетов шу ҳудуддан ўтувчи каналга қурилган кўприкни таъмирлаш бўйича Халқ қабулхонасига мурожаат қилган. Қорақалпоғистон Республикаси Автомобиль йўллари бош бошқармаси раҳбарлари томонидан унинг мурожаати кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этиладиган бўлди. Яқин кунларда кўприк тўлиқ таъмирланиб, фойдаланишга топширилади.

Шу тумандаги “Қазанкеткен ” овул фуқаролар йиғинидан Ўрақбай Нағметуллаев 4Р-178 Кегейли-Бозатаў автомобиль йўли ва кўприкларнинг бугунги ҳолати бўйича мурожаат қилган. Соҳа раҳбарлари таъкидлаганидек, ушбу йўл қурилиши жорий йил дастурига киритилган бўлиб, 1 миллиард 975 миллион сўм маблағ ажратилган.

Шу куни Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди. Унга Қораўзак, Тахтакўпир, Чимбой ҳамда Кегейли туманларидан 180 та корхона ва муассасалар ўзларининг 726 та бўш иш ўринлари билан қатнашди. Ярмарка давомида 51 нафар фуқаро ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашган бўлса, 431 нафар фуқарога иш ҳақи тўланадиган жамоат ишлари таклиф этилди.

— Бир неча йиллардан буён ишга жойлаша олмаётган эдим, — дейди Қораўзак туманидаги Алғабас овул фуқаролар йиғинидан Гулбаҳор Абдикаримова. — Бугунги ярмаркада туман тиббиёт бирлашмасига ҳамшира бўлиб ишга жойлашдим. Бунинг учун тадбир ташкилотчиларига миннатдорлик билдираман.

— Қораўзак тумани марказидаги Шанияз Ерниязов кўчасида яшовчи фуқароларнинг муаммолари бўйича сайёр қабулга келдим, — дейди Салтанат Жақсимова. — Сабаби, ёғингарчилик кунларда кўчамиздан юриш, айниқса, фарзандларимизнинг мактабга қатнаши жуда қийин бўлаяпди. Бу борада тегишли жойларга мурожаат қилдим, аммо натижа бўлмади. Республикамиз раҳбарига раҳмат, менинг ушбу мурожаатимни эътиборга олиб, муаммо яқин кунларда ижобий ҳал этилишини маълум қилди.

Тахтакўпир тумани “Тахтакўпир” пасёлка фуқролар йиғинидан иккинчи гуруҳ ногирони Сабит Ешимов 7-синфда ўқийдиган қизининг кўзини оперция қилдириш учун моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Унинг мурожаати туман ҳокимлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўрганиб чиқилиб, туман тиббиёт бирлашмаси томонидан бепул ордер ва туман ҳокимлиги томонидан 4 миллион 600 минг сўм маблағ ажратиладиган бўлди. Шунингдек, шу тумандаги “Атакўл” овул фуқаролар йиғинидан Сарбиноз Бектурсинова ичимлик суви муаммоси бўйича, “Қўнғироткўл” овул фуқаролар йиғинидан Берикбай Даршеев 18-сонли умумтаълим мактабига компьютер синфи кераклиги юзасидан сайёр қабулга келган. Уларнинг мурожаатлари тегишли соҳа раҳбарлари томонидан ўрганиб чиқилиб, ижобий ҳал этилди.

Шу кунги қабул жараёнида жами 200 нафардан ортиқ фуқаро мурожаат қилган бўлса, шундан 60 фоизи шу ернинг ўзида ижобий ҳал қилинди. Қолганлари тегишли соҳа раҳбарлари томонидан кўриб чиқилмоқда. Эътиборлиси, сайёр қабулга келган фуқароларнинг ҳеч бир мурожаати эътибордан четда қолмади.

Бундан ташқари, Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан сайёр хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Шу куни ўзбошимчалик билан қурилган иморат эгаларига мулк ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар топширилди.

Тадбир давомида тўртта туман фермерлари томонидан етиштирилган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган рўзғор буюмлари, шунингдек, китоб ярмаркалари ташкил этилди. Бу ерга ташриф буюрган аҳоли мазкур маҳсулотларни арзон нархларда сотиб олиш имконига эга бўлишди.

Д.Абибуллаев,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.