Узоқни кўзлаган ғоя


Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш мақсадида бешта муҳим ташаббус бўйича Амударё туманида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, туманда ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китобхонлик маданиятини шакллантиришга йўналтирилган 47  та тадбир ва лойиҳалар ташкил этилиб, 2000 нафар дан ортиқ ёшлар жалб қилинди.

Биринчи ташаббус  —  ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга қаратилган тадбирлар доирасида Ўзбекистон Ногиронлар жамияти туман бўлинмаси, туман Халқ таълими бўлими билан ҳамкорликда Амударё қишлоқ хўжалиги касб-хунар коллежида ногиронлиги бўлган ёшлар ўртасида “Ватан-менинг нигоҳимда” танлови ташкил этилди. Танлов рассомчилик, тикувчилик, биссер тўқиш, хунармандчилик, ўйинчоқлар ясаш йўналишлари бўйича ёш тоифаларига ажратилган ҳолда ўтказилди.

Истеъдодли ёшларни излаб топиш, янги умидли ижодкорларни кашф этиш ва рўёбга чиқариш мақсадида Манғит иқтисодиёт касб-хунар коллежида иншолар, шеърият ва тасвирий санъат йўналиши бўйича “Мен нечун севаман, Ўзбекистонни!?” танлови бўлиб ўтди.

Шунингдек, 9-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида “Ёш иқтидорли рассомлар” танлови ўтказилиб, танловда 10-18 ёш оралиғидаги 70 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этди.

Халқ таълими бўлимига қарашли 20-сонли умумтаълим мактабида “Мусиқа, рассомчилик, адабиёт” танлови ташкил этилиб, 120  нафардан ортиқ ўқувчи-ёшлар жалб қилинди.

Иккинчи ташаббус  —  ёшларни жисмоний чиниқтириш ва спорт соҳасида ўз қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиб бериш мақсадида Ўзбекис­тон ёшлар иттифоқи Амударё туман Кенгаши томонидан аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида барча таълим муассасаларида эрталабки бадантарбия машғулотлари ўтказилди. Ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш ҳамда спорт иншоатлари қувватини янада оширишга қаратилган ташаббус доирасида “Ёшлар келажагимиз” давлат дастури асосида туманининг чекка ҳудудларида жойлашган Қангли, Куюк кўпир, Жумур овул, Дўрман, Чойкўл ҳамда Дурунки маҳаллаларида сунъий қопламали футбол майдончасини қуриш учун 6 нафар ёшларга ер майдонлари ажратилди. Тадбиркорлар томонидан спорт майдончаси тўлиқ ишга тушган кундан бошлаб мактаб ўқувчи ёшлари учун Акция жорий қилиш таклифи киритилди. Акция мактаб ўқувчиларининг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ёшларни жисмоний чиниқтиришга қаратилган бўлиб, ўқувчи ёшлар учун бепул хизмат кўрсатади. Бундан ташқари, туман Жисмоний тарбия ва спорт бўлими билан ҳамкорликда маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар ўртасида мини футбол мусобақаси, Манғит шаҳри ва шаҳар атрофи ҳудудидаги иш билан банд бўлмаган хотин-қизлар ўртасида веломарафон ўтказилди.

Қиличбой ОФЙ ҳудудида ташкил этилган футбол мусобақасида Қиличбой ҳамда Дўрман овул фуқаролар йиғинлари таркибидаги маҳаллалардаги уюшмаган ёшлардан 13 та жамоа иштирок этишди. Мусобақа натижасига кўра 1-ўринни Холимбег ОФЙ нинг “Интер Холимбег” жамоаси, 2-ўринни Қиличбой ОФЙ нинг “Қиличбой сити” жамоаси, 3-ўринни Хизр эли МФЙ нинг “Хизр эли” жамоаси қўлга киритишди.

Халқ таълими бўлимига қарашли 16-сонли умумтаълим мактабида спортнинг шахмат, шашка тури бўйича спорт мусобақаси ташкил этилиб, жами 150 нафардан ортиқ ёшлар жалб қилинди.

Туман Хотин-қизлар қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт бўлими ҳамда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгаши билан ҳамкорликда 9 май — Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб “Аждодларни хотирлаш-муқаддас қадрият” шиори остида 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида югуруш  марафони ўтказилди.

Учинчи ташаббус  —  аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида Республика ёшлар маркази Амударё тумани бўлинмаси ҳамда умумтаълим мактабларида “Компьютер саводхонлиги” тўгараклари ташкил этилган. Мазкур тўгаракларда ҳозирги кунда 800 нафардан ортиқ ёшлар таълим олмоқда.

Бундан ташқари “Ёшлар келажагимиз” жамғармаси ҳисобидан кредит олиб “Компьютерларга техник хизмат кўрсатиш” фаолияти бўйича ўз тадбиркорлигини бошлаган “Муҳриддин Болтабоев” ҳамда “Шерали Шоҳжаҳон” МЧЖ га “Компьютер саводхонлиги” тўгарак аъзолари олган билимларини амалиётда жорий қилиш мақсадида ҳар ҳафтада саёҳатлар ташкил қилинади.

Бемақсад юрган, тунги вақтларда ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар кузатувисиз, ёшлар тарбиясига салбий тасир этувчи сайтларга кириш, ваҳшийлик ва зўравонликни тарғиб этувчи ҳамда ҳаёсиз фильмларни томоша қилиш, жангарилик ва зўравонликка асосланган ўйинларга боришининг олдини олишга қаратилган рейдлар олиб борилмоқда. Рейдлар давомида интернет клуб эгаларига тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, туман Ички ишлар бўлими профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда ҳар пайшанба “Профилактика куни” доирасида ўқувчи ёшлар билан “Ёшларни ахборот ҳуружидан ҳимоя қилиш”, “Ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш”  мавзуларида  учрашув, давра суҳбатлари ўтказилиб келинмоқда.

Тўртинчи ташаббус  — Президентимизнинг ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлаган ҳолда туман ҳокимлиги томонидан  Уйшин, Чойкўл, Қиличбой ҳамда Куюк-кўпир маданият марказларида кутубхона ташкил қилинди. Янгидан ташкил қилинган кутубхоналар зарур жиҳозлар билан биргаликда ҳар бир кутубхона учун ҳомийлар ташаббуси билан 1000 дона бадиий китоблар ҳамда велосипед совға қилинди.

Шу пайтгача туманимизнинг чекка ҳудудларидаги Маданият марказига келган ёшлар мусиқа ва санъат сирларини ўрганиб, аҳоли маданий ҳордиқ чиқарган бўлса, эндиликда улар ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара бадиий асарларини мутолаа қилиб, билим ва тафаккурини, дунёқарашини янада юксалтириш имконига эга бўлмоқда.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Амударё туман Кенгаши раиси М.Шерметов туман прокурорининг катта ёрдамчиси С.Узоқбергенов билан биргаликда Холимбег ОФЙ ҳудуди ёшлари учун ташкил қилинган кутубхонага хар бири 50 дона ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара бадиий китобларини топширди. Кутубхона иш юритувчиси Шохина Тўловбаева имконияти чекланган бўлишига қарамасдан билимга интилувчан, меҳнатсеварлиги  учун бу ер ҳар куни ёшлар билан гавжум.

Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши томонидан аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида Халқ таълими бўлимига қарашли 14-15-19-20-27-сонли умумтаълим мактабларида китоб ярмаркалари ўтказилди.

Кенгашнинг аппарат ходимлари ва ёшлар иттифоқи етакчилари томонидан “Қадрдон мактабимга китоб совға қиламан” шиори остида ўзлари тахсил олган умумтаълим мактабларга 400  донадан ортиқ бадиий китоблар топширилди.

“Ёш китобхон” танлови барча ҳудудларда уюшмаган ёшлар ва ўқувчи ёшлар ўртасида ўтказилиб келинмоқда.

Бешинчи ташаббус  —  Муҳтарам Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббусларидан бири бўлган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича пазандачилик ҳамда тикувчилик тўгараклари ташкил қилинган. Тикувчилик тўгарагида ўқитилган қизларга “Ёшлар келажагимиз” жамғармаси маблағлари ҳисобидан кредит олиб иш бошлаган “Тамара-Феруза” хусусий корхонага йўлланма билан ишга жойлаштириш орқали ҳотин-қизларимизнинг бандлиги таминланмоқда. Республика ёшлар маркази Амударё тумани бўлимида 4 ой давомида тикувчилик тўгарагида фаол иштирок этиб билим ва кўникмаларга эга бўлган 5 нафар қизларимиз “Тамара-Феруза” хусусий корхонасига ишга жойлаштирилди.

— Албатта, бу каби саъй-ҳаракатлар, келажакка қўйилаётган бешта дадил қадам нафақат Амударё ёшларининг балки бутун Ўзбекистон  ёшларининг турли жабҳаларда  эришаётган ва келгусида эришадиган ютуқларида ўз натижасини беради, — дейди ёшлар билан ишлашиш масалалари бўйича Амударё туман ҳокими ўринбосари Алишер Йўлдашев.

Ҳақиқатан, ҳар қандай узоқни кўзлаган эзгу ғоя, ташаббус ҳеч қачон қоғозда қолиб кетмайди. Муҳими, ташаббускор қўллар ва ташаббускор кўнгиллар бўлса кифоя.

Азиза МАДРАҲИМОВА,

Бердақ номидаги ҚДУ талабаси.