Бугунги ёшлар юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар иштирокчиси, янги ғоялар ижодкори, ҳар томонлама фаол, ташаббускор ва тадбирли бўлишини даврнинг ўзи талаб этмоқда. Маълумки, жамиятда фаоллик кўрсатиб, ўзининг билим ва иқтидори, интилувчанлиги ва ташаббускорлиги, ҳалол ва самарали меҳнати билан Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи мард ўғлонларимиз муносиб равишда рағбатлантирилиб келинмоқда.
Президентимизнинг шу йил 28 июндаги қарорига мувофиқ, мен ҳам спортдаги ютуқларим натижасида “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирландим. Бундан жуда хурсандман. Ушбу мукофот нафақат менга, балки, бутун қорақалпоғистонлик ёшларга билдирилган юксак ишонч, эътибор деб биламан.
Биласизми, мана шундай ютуқларга эришишимда албатта устозларимнинг муносиб ҳиссаси бор. Мен 2007 йилдан буён спортнинг оғир атлетика тури билан мунтазам шуғулланиб келаяпман. Мана шундай тинимсиз изланиш ва ҳаракатлар натижасида 20 дан ортиқ Қорақалпоғистон Республикаси чемпионатларида ғолибликни қўлга киритдим. 2015 йили Самарқанд вилоятида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси чемпионатида 1- ўринни эгаллаб, Ўзбекистон Республикаси терма жамоаси аъзоси бўлдим.
2017 йили Непалда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида 4-ўринни эгалладим. 2018 йилда Хоразм вилояти, Урганч шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида учта йўналиш бўйича 3 та олтин медални қўлга киритдим. 2015-2019 йиллар оралиғида 5 маротаба Ўзбекистон чемпионати ва кубоги совриндори бўлдим.
2019 йил мен учун жуда омадли келди. Спорт устаси номзодлигига эришдим. Олий ўқув юртига имтиёз асосида ўқишга кириш бахтига муяссар бўлдим. Энг муҳими, ушбу ютуқларим Президентимиз томонидан эътироф этилганидан жуда мамнунман. Шу ўринда устозларим Т.Мадаминов, М.Аметовларга, шунингдек, мана шундай шарт-шароитларни яратиб, мени доимо қўллаб-қувватлаб келаётган оила аъзоларимга ўз миннатдорлигимни билдираман.
Мамлакатимизда ёшлар учун кенг имкониятлар яратилган. Фақатгина улардан самарали фойдаланиш лозим. Келажакда спорт соҳасида фаолият юритиб, юксак марраларни забт этиш олий мақсадимдир.
Алишер Раджапов,
“Мард ўғлон” давлат мукофоти совриндори,
Нукус спорт коллежининг
3-босқич талабаси



