Аёлларнинг ижтимоий мослашув маслаҳат маркази: Амалга оширилган ишлар, истиқболдаги вазифалар


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида Қорақалпоғистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси томонидан оммавий ахборот  воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг ижросини таъминлаш бўйича республикамизда фаолият олиб бораётган Аёллар ижтимоий мослашув маслаҳат маркази томонидан шу йилнинг ўтган олти ойи давомида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берилди.

Брифингни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари, республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Ибрагимова бошқариб борди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг 2018 йил 2 июлдаги “Ижтимоий  реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил қилинган ушбу марказлар оғир ижтимоий ҳолатга тушиб қолган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий тадбирлардан бири бўлганлиги қайд этилди.

Марказда оилавий муаммолар, ҳаётида тазйиқ ва зўравонликларга дуч келган шахсларга аноним шошилинч тиббий, маънавий, ижтимоий, педагогик ҳамда ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади.

Авваллари оиладаги келишмовчиликлар ёки бошқа сабаблар билан уйидан чиқиб кетиб ёхуд бошпанасиз қолган аёллар муаммоси ҳал этилгунига қадар вақтинча яшаб туриши учун уй-жой ажратиш муаммо бўлиб келаётган эди. Ижтимоий мослашув маслаҳат маркази очилиши билан ушбу масала ўз ечимини топди.

Марказда вақтинча яшаш учун қулайликлар яратилган. Ётоқхона, дам олиш хонаси зарур жиҳозлар билан таъминланган. Шаҳар ва туманлардаги маҳаллаларда фаолият олиб бораётган хотин-қизлар билан ишлашиш ва оилаларда маънавий-одоб-аҳлоқ қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар тасдиқланган режага мувофиқ жамоатчилик асосида навбатчилик қилиб келмоқда. Марказда шифокор, ҳуқуқшунос, психологлар рўйхати ва телефон рақамлари бўлиб, мурожаат қилган аёлнинг мурожаати мазмунига кўра зарур мутахассис томонидан ёрдам кўрсатилади.

Ўтган йили 7 ўринда мана шундай марказлар фаолияти йўлга қўйилган эди. 2018 йили ушбу марказларга турли хил масалалар бўйича ёрдам сўраб 144 нафар хотин-қиз мурожаат қилган.

Жорий йилда республикамизнинг Беруний, Қораўзак, Қонликўл, Тахиатош, Тўрткўл, Элликқалъа, Кегейли ҳамда Мўйноқ туманларида мана шундай марказлар ташкил этилди.

Ўтган 6 ой давомида ушбу марказларга 172 нафар хотин-қизлар мурожаат қилган бўлса, улардан 17 нафарига тиббий, 33 нафарига психологик ва 36 нафарига ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, 20 нафар хотин-қизларнинг кредит олиши ва ишга жойлашиши учун ёрдам берилди. Эр-хотин ўртасида келиб чиққан келишмовчиликлар натижасида ажрашиш даражасига келиб қолган 70 дан ортиқ оилалар сақлаб қолинди.

М.Пирназарова,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.