ИМКОНИЯТ ВА МЕҲНАТ УЙҒУНЛИГИ


Амударё тумани  «Дўрман» овул фуқаролар йиғини  ҳудудидаги «Бешбаев Қурбанғалий» фермер хўжалиги аъзолари  ҳар йили давлатга  пахта ва ғалла топшириш  шартномавий режаларини  муваффақиятли бажариб келмоқда.  Ушбу фермер хўжалигининг ер майдони  71,5 гектардан иборат. Пахтачиликдан ташқари  боғдорчилик, асаларичилик ва чорвачилик соҳаларини ривожлантиришга ҳам алоҳида  эътибор қаратилган.

— Жорий йил эрта  баҳордан   ерларни экишга тайёрлаб, 42 гектар майдонга  яхши ниятлар билан чигит экилди. Шу кунгача ғўза кўчатларига  агротехник қоидалар  бўйича  бир неча маротаба ишлов берилди. 8 гектар майдондаги буғдойдан гектарига 65 центнердан  ҳосил етиштириб, мамлакатимизнинг  ғалла хирмонига муносиб ҳиссамизни  қўшдик, — дейди  фермер.

Тинимсиз меҳнат натижасида Қурбанғалий  Бешбаев 2018 йили «Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни» байрами арафасида «Энг илғор фермер» кўкрак нишони билан тақдирланди.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.