Президентимиз ташаббуси билан раҳбар шахсларнинг халқ билан яқиндан мулоқотда бўлиши аҳолининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим
аҳамият касб этмоқда.
«Давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», деган эзгу тамойил асосида давлат идоралари раҳбарлари халқ билан бевосита учрашиб, уларнинг мурожаатларини тинглаш ва муаммоларини ҳал қилиш мақсадида сайёр қабуллар ўтказмоқда.
Нукус шаҳри «Гоне қала» МФЙда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари Б.Турабов ва Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Қ.Халмуратовнинг навбатдаги сайёр қабули ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармаси, 4 та сектор раҳбарлари, мутахассислар, тегишли вазирликлар ва ташкилотларнинг масъул вакиллари, Нукус шаҳри, Нукус, Хўжайли, Тахиатош туманларининг тегишли соҳа раҳбарлари ва аҳолиси қатнашди.
Фуқаролар мурожаатларининг кўпчилик қисми коммунал хизмат кўрсатиш, сув, газ, электр энергияси таъминоти билан боғлиқ масалалар бўлди. Асфальт йўл, болалар боғчаси, кўчаларда тунги ёритгич чироқлари, телефон линияси йўқ эканлиги, каналларга пиёдалар ўтишга мўлжалланган кўприклар қуриш масалалари ҳам айтиб ўтилди.
Масалан, Нукус шаҳри Абай кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Х.Абдиғаппарова қизи ва неваралари билан қийналиб яшаётганликларини айтиб, ёрдам кўрсатаётган раҳбарларга миннатдорлик билдирди. У жорий йил ёз фаслидаги жазирама иссиқда экинларига зарар етганлигини билдириб, ер солиғи бўйича ёрдам кўрсатишни сўради. Унинг мурожаати ҳисобга олиниб, ер солиғи давлат солиқ бошқармаси томонидан тўлаб бериладиган бўлди. Тадбирда Бесқала кўчасида яшайдиган Д.Хайтбаевага ногиронлик аравачаси топширилди.
Сайёр қабулда жами 50 нафарга яқин мурожаатлар тингланиб, уларнинг айримлари шу ернинг ўзида ҳал қилинди. Қўшимча ўрганишларни талаб қиладиган мурожаатларни ҳал қилиш бўйича тегишли ташкилотларга кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, учрашувда жисмоний ва юридик шахслар томонидан тўланадиган солиқлар, бу солиқларни тўлашда кимларга имтиёзлар берилганлиги тўғрисида ҳам маълумотлар берилди.
Сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонаси раҳбари Ҳ.Халимов қатнашди.
А.Жиемуратов,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги.



