Чимбой туманидаги 5-сонли умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Дамир Дилмуратов 2019 йил 1-6 август кунлари ўтказилган IMC математика бўйича халқаро танловда гуруҳ бўлиб масала ечиш бўйича бронза медалини қўлга киритди.
Беллашувда дунёнинг Австралия, Болгария, Италия, Жанубий Корея, Вьетнам, Хитой, Сингапур каби 41 та давлатидан математика бўйича энг билимли 500 нафардан зиёд ўқувчилар иштирок этишди.
Мазкур халқаро танловда Ўзбекистон терма жамоаси 14 та медални қўлга киритди.
IMC математика фани бўйича ҳар йили ўтказилган халқаро миқёсидаги танлов бўлиб, унда жаҳондаги 40 дан ортиқ давлатдан ўқувчилар иштирок этишади. Улар комбинаторика, сонлар назарияси, геометрия бўйича мураккаб ва стандарт бўлмаган масалаларни ечиб, ўз билимларини синовдан ўтказишади.
Танловда ўзбекистонлик ўқувчилар якка беллашувда 1 та олтин, 1 та кумуш ҳамда 4 та бронза медални қўлга киритган бўлса, гуруҳ ҳисобида бронза медалига сазовар бўлишди. Ўзбекистон беш йилдан буён математика фани бўйича халқаро танловларда иштирок этиб келмоқда.
