ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳининг навбатдаги мажлисида Нукусда бузилиши режалаштирилган уй-жойлар масаласи бўйича масъул шахсларнинг ҳисоботи тингланди, деб хабар бермоқда ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ахборот хизмати.
Йиғилишда асосан, Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан 2 август куни ўтказилган видеоселектордаги “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар, бузилиши (бошқа жойга кўчириш) режалаштирилган уй-жойлар масаласи шунингдек, Нукус шаҳрида олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бўйича Нукус шаҳар қурилиш бўлими архитектори А.Оразимбетовнинг ҳисоботи тингланди.
Таъкидланганидек, Президентимиз томонидан 2019 йил 3 август куни «Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойиши қабул қилинди.
Унга мувофиқ, шу йилнинг 5 августидан бошлаб фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ер участкаларини олиб қўйиш ҳамда кўчмас мулк объектларини бузиш ишлари уч босқичда амалга оширилади.
Бузилиши режалаштирилган ҳудуд бўйича материаллар тўплами ҳокимлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилади. Вазирлар Маҳкамасида шаҳарсозлик талаблари ва молиявий ҳисоб-китоблар бўйича хулосалар тайёрланади. Тайёрланган хулосалар Бош вазирга кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун киритилади.
А.Оразимбетов ўз ҳисоботида бугунги кунда пойтахтимизда бузилиши (бошқа жойга кўчириш) режалаштирилган уй-жойлар масаласи бўйича ишлар босқичма-босқич амалга оширилаётганлигини таъкидлаб ўтди.
Эндиликда Нукусдаги “Турон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 107 гектар майдондаги 423 та уй-жойнинг бузилиши назарда тутилганлиги таъкидланди.
Йиғилиш давомида депутатлар томонидан кун тартибидаги масала бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Қорақалпоғистон хабар агентлиги.



