Халқимга таъзим қиламан


Азиз ва муқаддас Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллиги байрами арафасида Давлатимиз раҳбари ­Шавкат Миромонивич ­Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюриб, мамлакатимиз ва бутун дунё нигоҳини яна бир бора Мўйноқда, Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасига қаратди.

Мазкур тарихий воқеадан кўп ўтмай Президентимиз фармонига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ­Раиси муҳтарам Муса ­Тажетдинович Ерниязов мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, унинг жаҳон миқёсидаги шон-шуҳратини юксалтириш, Ватанимиз ободлиги, турмушимиз фаровонлигини таъминлаш борасидаги улкан хизматлари, сўнгги йилларда юртимизда жадаллик билан олиб борилаётган туб ислоҳотлар жараёнидаги ташаббускорлиги ва фидойилиги, давлат ва халқ манфаатларини рўёбга чиқариш йўлидаги фидокорна меҳнати, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга қўшган ­катта ҳиссаси ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун  “Ўзбекистон Қаҳрамони”  унвони билан мукофотлангани  нур устига нур бўлди. Қорақалпо­ғистон мавзусида қалам тебратаётган кўпсонли ижодкорлар номидан муҳтарам Муса Тежетдиновични Ватанимизнинг юксак мукофоти билан чин юракдан муборакбод этамиз.

Мустақиллик байрами менинг ҳаётимга ҳам чинакам бахт ва шодлик ато этганидан юрагим ҳамон ҳаяжонда.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президумининг 29 августдаги қарорига биноан “Қорақалпоғистон Республикаси халқ шоири” фахрий унвони билан мукофотланиш бахтига муяссар бўлганим менинг ҳаётимдаги энг улуғ, энг қувончли воқеалардан биридир.

Кўнглимда миннатдорлик ва шукроналик туйғулари жўш уриб,  ушбу ниҳоятда катта севинчни, ҳақиқий саодатни муҳтарам устозларим, ҳамкасбларим, ижодкор дўстларим, оила аъзоларим, элдошларим билан баҳам кўраётганимдан бошим осмонга етиб турибди.

Бундай юксак мукофот билан сийлагани учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Муса Тажетдинович Ерниязовга кўксимни қўлимга  қўйиб ўз миннатдорлигимни изҳор этаман ва катта раҳмат айтаман.

Бу мукофотни ўзбек шеъриятига кўрсатилган ҳурмат, ўзбек адабиётига қаратилган юксак эътибор деб биламан. Айни пайтда мазкур эътироф ўзбек-қорақалпоқ адабий алоқаларининг истиқболли келажагини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб ўйлайман.

Кўнгли мусаффо осмонимиздек тоза ва беғубор, улуғ даштларимиздек бағри ниҳоятда кенг, меҳри қуёшдек иссиқ ва нурли, танти ва олижаноб қорақалпоқ халқи менинг ­адабиётга бўлган ихлосимни, бадиий таржима, шеърият ва публицистика соҳасида қилган меҳнатларимни бундай юксак қадрлагани чинакам маънода катта бахт.

Президентимиз адабиёт ва бадиий ижод ривожига юксак эътибор қаратиб, адибларга ғамхўрлик кўрсатиб турган, шу билан бирга ижод аҳлини миллий юксалиш жараёнлари билан ҳамнафас қадам ташлашга даъват этаётган ҳозирги янги замонда бундай улуғ мукофотга лойиқ кўрилганим менга улкан масъулият юклайди.

Мен қорақалпоқ халқини, унинг адабиётини севаман. Бу меҳр-муҳаббат туйғуларини менинг юрагимга мўътабар устозим Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Абдулла Орипов жойлаган. Қорақалпоқ ёзувчилари ва шоирлари асарларини ўзбек тилига таржима қилишга руҳлантирган ва рағбатлантирган ҳам устознинг ўзи. Қорақалпоғистон халқ шоири Музаффар Аҳмад “Ҳар қорақалпоқнинг бир ўзбеги бор, Қорақалпоғи  бор ҳар бир ўзбекнинг” деб ёзганидек ўзбек ва қорақалпоқ адибларининг бир қориндан талашиб тушган фарзандлардек бир-бирига меҳру муҳаббати мени қаттиқ ҳайратлантирди ва ҳаяжонга солди. Атоқли қорақалпоқ шоири Улмамбет Хўжаназаров янги китобини устозимизга тақдим этаётиб, шундай дастхат ёзиб берганини ўқиганман: “Эна суриштирмайдиган, ота суриштирмайдиган туғишганим Абдуллажонга теран ҳурмат билан тақдим этаман…” Қорақалпоғистонда ўтказилган адабий анжуманлар, Нукус, Чимбой, Кегайли, Тахтакўпир, Қўнғирот, Мўйноқ учрашувлари, айниқса Элликқалъада ўтказилган “Нафосат –бўстоним менинг” ёш ижодкорларнинг анъанавий анжумани менда жуда катта таассурот қолдирди. Хаёлим Устюрт даштларидай кенгайиб кетди.

Юрагимда шу халқнинг маданияти, урф-одатлари, санъати ва адабиётига оташин ишқу муҳаббат уйғонди. Мен ҳам қорақалпоқ шоирлари ва ёзувчилари орасидан меҳрибон оғалар, азиз ва қадрдон дўстлар топдим.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов ўз шеърида “Мен Тошкентни соғинаман кўрмасам” деб ёзганидек менинг ҳам юрагимда “Мен Нукусни соғинаман кўрмасам” деган ҳароратли туйғу жўш уради. Устоз билан бирга Нукусга қилган ижодий сафарларимдан бирида менинг муҳаббатимни қозонган қорақалпоқ халқига бўлган меҳримни изҳор қилиб, шундай сатрларни битдим:

Ўзбек элим еринда гард, тупроқман,

Улли шоирлар ичинда урпоқман.

Минжир, сарой, кенагасга аймоқман,

Зотим чуют, мен ҳам қорақалпоқман.

Мана энди қорақалпоқ халқи ҳам мени унвон билан сийлаб, ўз фарзандим дея эътироф этганидан нақадар шодуман ва хуррам эканимни тил билан ифодалай олмайман. Мен энди умрим давомида ушбу юксак ишончни оқлашга интиламан, томири, илдизлари бир бўлган бадиий адабиётимиз халқ оғзаки ижодиёти намуналарини теран ўрганиш ва тарғиб этишга, ижодкор дўстларим билан биргаликда ўзбек-қорақалпоқ адабий алоқаларини ривожлантиришга садоқат билан хизмат қиламан.

Улуғ Устюрт кенгликлари, Қўнғирот ва Мўйноқдаги бунёдкорлик ишлари бугун барча ижодкор аҳлини илҳомлантиради. У ерда яшаётган, Ватанимизни янгидан қураётган халқнинг фидокорона ва мардона меҳнати бугун тилларда достон. Президентимизнинг яқинда Мўйноқда халқ билан учрашувда айтган: “Бизнинг ислоҳотларимизга ким шубҳа қилса, Мўйноққа келиб кўрсин” деган сўзлари замирида бугун Қорақалпоғистоннинг нақадар ўзгариб, гуллаб яшнаб кетганини намоён этадиган ҳаётий мисол бор.

Қорақалпоғистондаги учрашувларда яна бир сўз такрор-такрор айтилди.

Бу диёр ер ости бойликларига кон, нефт, газ, темир ва ­бошқа кимматбаҳо маъданларга бой. Бу ҳақиқат. Бироқ Қорақалпоғистонда яна бир тенгсиз ва туганмас бойлик бор, бу – адабиёт. Ана шу бойликнинг оҳанг­рабоси, сеҳру синоати менинг хаёлимни тинимсиз равишда ром этиб тураверади. Қорақалпоқ адабиёти хазинасидан кашф этилган ёмби олтинларни бутун жилоси ва бебаҳолиги билан ўзбек ўқувчисига намоён этишга ҳаракат қилавераман.

Энг улуғ, энг азиз Ватанимизнинг мустақиллик байрами муносабати билан мени сийлагани учун она халқимга таъзим қиламан.

Рустам МУСУРМОН

Қорақалпоғистон халқ шоири.