Давлат тили байрамига бағишланди


Шу йил 21 октябрь куни Нукусдаги кино-концерт залида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганлигининг 30 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Ҳамраев сўзга чиқиб, ­йиғилганларни “Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилинганлигининг 30 йиллик байрами билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан қизғин табриклади.

Таъкидланганидек, халқимизда “Тил-миллат кўзгуси”, “Тил яшаса-миллат яшайди”, “Тил миллатнинг бебаҳо бойлиги” каби ҳикматли сўзлар бекорга айтилмаган.

Чунки, ҳар бир халқнинг ўзлигини англаши, жамият ривожланишида тилнинг ўрни жуда муҳим бўлиб, тил халқнинг тарихи, маданий мероси, анъана ва қадриятларини ўзида мужассам этган бебаҳо бойлик саналади.  Дунёдаги қадимий ва бой тилларнинг бири бўлган ўзбек тили  халқимиз учун давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган қадриятдир.

Шу боис, мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб давлат тилини ривожлантириш, уни янада бойитиш ҳамда соф ҳолида келажак авлодларга етказишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада энциклопедия ва луғатлар, дарсликлар ҳамда ўқув қўлланмалари нашр этилди. Шунингдек, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилиши, ўзбек тилини ўрганиш, уни илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш ва қўлланиш доирасини кенгайтириш, филолог кадрларни тайёрлаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтарди.

Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан таниқли адиблар ва шоирларимиз номлари билан аталадиган ижод мактабларининг ташкил этилиши бу йўлдаги муҳим қадамлардан бири десак, асло янглишмаймиз. Бу ўз навбатида ўзбек тилининг халқаро майдондаги нуфузини янада юксалтириб, фаол муносабат қуролига айлантирмоқда.

Хусусан, турли даражадаги расмий учрашувларда ўзбек тилининг давлат тили сифатида кенг қўлланилиши, хорижий давлатлардаги кўпгина ўқув ҳамда илмий муассасаларда ўзбек тили марказлари ташкил этилиши, уларда ўзбек тилини ўрганишга қизиқувчилар сонининг ортиб бораётганлиги, Япония, АҚШ, Туркия, Германия, Жанубий Корея, Хитой Халқ Республикаси каби ривожланган давлатларнинг олий таълим муассасаларида ўзбек тилининг ўқитилиши бунинг ёрқин ифодасидир.

Ҳар йили 21 октябрь- мамлакатимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун сифатида кенг нишонланади. Шу йилнинг 4 октябрь куни Президентимиз томонидан «Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни қабул қилинганининг 30 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” ги махсус қарори қабул қилиниши юртимиз мустақиллигининг маънавий илдизларини мустаҳкамлаш, халқимизни, айниқса, ёшларимизни миллий қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 7-октябрдаги тадбирлар дастурида юртимизнинг барча жойларида ушбу санани кенг нишонлаш,   театр ва кинотеатрлар, маданият саройларида буюк олимларимиз ҳақидаги спектакллар, бадиий ва ҳужжатли фильмларни намойиш этиш, мактаб ўқувчилари орасида асарлар танлови, ижодий мактабларда адабий кечалар, янги китоб­лар тақдимоти ва бошқа шу каби тадбирлар ўтказиш бўйича вазифалар белгиланган.

Тадбирда “Инсон ва қонун” газетаси Бош муҳаррири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Қ.Норқобил, шоира Г.Даўлетова, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти талабаси С.Жумамуратовалар сўзга чиқиб, ўзбек тилининг жамиятимиздаги ўрни ва аҳамияти хусусида тўхталиб, ўзларининг шеърларини ўқиб берди.

Йиғилишда умумтаълим мактаблари ўқитувчилари орасида ўзбек тили ва адабиёти фани бўйича ўтказилган танлов ғолибларига совғалар топширилди.

Иштирокчиларга санъат усталари ҳамда ёш ижрочиларининг концерт дастури намойиш этилди.

Д.Абибуллаев.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ

олган суратлар.