Ҳурматли шифокорлар ва тиббиёт соҳаси ходимлари!
Барчангизни ҳар йили юртимизда кенг нишонланиб келинаётган касб байрамингиз – Тиббиёт ходимлари куни билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан самимий табриклаймиз.
Шуни алоҳида таъкидлашимиз керакки, халқимиз Сизларни ўзларининг суянчи сифатида тан олиши билан бирга юракларга умид, ғамгин кўзларга мадад, ўксик қалбларга қувонч бағишлайдиган илоҳий касб эгалари сифатида алоҳида қадрлайди ва ҳурмат қилади.
Инсон қадр-қимматини улуғлаш ва унинг саломатлигини муҳофаза қилиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган юртимизда соғлиқни сақлаш соҳасига қаратилаётган катта эътибор тиббий хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш, дунё тиббиёти амалиётида эришилган ютуқ ва илғор технологияларни кенг татбиқ этиш, етук кадрлар тайёрлаш, нодавлат секторни ривожлантириш, соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва аҳолига сифатли дори-дармон етказиб беришда муҳим ўрин тутмоқда.
Бунда албатта, Муҳтарам Президентимиз томонидан соҳага оид бир қатор муҳим фармон ва қарорларнинг қабул қилиниши, давлат дастурларининг ишлаб чиқилиши юртимизда аҳоли саломатлигини, оналик ва болалакни муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифатини янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида бугунги кунда бирламчи тиббий-профилактика, шошилинч ҳамда ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатишнинг сифатини яхшилаш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда катта лойиҳалар асосида оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, улар орасида учраётган касалликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар янги босқичга кўтарилмоқда.
Шунингдек, тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини жадал ривожлантириш, халқ табобати соҳасини тартибга солиш, ижтимоий ёрдамга муҳтож инсонларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш сифатини ва самарадорлигини ошириш бугунги куннинг асосий вазифаларидан саналади.
Барчангизнинг хабарингиз бор, юртимизда йил сайин тиббиёт соҳасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимлари ва халқимиз учун қулай шароитлар яратиб бериш давлатимизнинг диққат-эътиборида турган асосий масалалардан биридир. Жорий йилнинг ўзида инвестиция дастури асосида 12 та соғлиқни сақлаш объектида 61 миллиард сўмлик, ҳамда маҳаллий бюджет ҳисобидан 34 та объектда 32 миллиард сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жумладан, Нукус шаҳри, Мўйноқ, Қонликўл, Элликқалъа ва Нукус туманларида 7 та объект янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, Тошкент педиатрия институти Нукус филиалининг янги ўқув биносида 38 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ҳисобидан қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Шулар билан бир қаторда республика даволаш муассасалари ва туман тиббиёт бирлашмаларини замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш мақсадида маҳаллий бюджет ҳисобидан 12 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.
Қолаверса, ҳар йили соҳанинг бир қатор фидойиларига давлат мукофотлари ва фахрий унвонларнинг топширилиши – бу Сизларга бўлган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик, юксак ишончнинг ёрқин ифодасидир.
Бунга жавоб сифатида ҳар бирингиз халқимизнинг бебаҳо бойлиги бўлган инсон саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларни эрта аниқлаш ва олдини олишда, соғлом турмуш тарзини шакллантиришда фаоллик кўрсатасиз, деб катта ишонч билдирамиз.
Ҳурматли тиббиёт соҳаси ходимлари!
Сизларни касб байрамингиз билан яна бир маротаба қизғин қутлаб, барчангизга мустаҳкам соғлик, оилаларингизга омонлик, халқ фаровонлиги йўлидаги масъулиятли, машаққатли ва шарафли ишларингизда муваффақиятлар тилаймиз!
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши



