ТАДБИРКОРЛАРГА МУРОЖААТ ЙЎЛЛАНДИ


Жорий йил 11 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов республикамизда фаолият юритаётган тадбиркорлар билан видеоконференцалоқа орқали мулоқот қилиб, уларнинг таклиф ва муаммоларини тинглади.

Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, тадбиркорларга барча шароитлар яратиб берилмоқда.

Давлатимиз раҳбари 7 ноябрь куни жорий йилда давлат бюджетига тушумлар прогнози ижросини таъминлаш, жойларда тадбиркорлик ва кичик бизнесни янада ривожлантириш учун қўшимча имкониятларни аниқлаш ва ишга солиш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлиги ҳамда бу борадаги долзарб вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида ушбу масалага алоҳида эътибор қаратди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг тадбиркорларга мурожаати ўқиб эшиттирилди.

Видеоконференцияда тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг муаммоларини ижобий ҳал этиш, белгиланган лойиҳаларнинг ўз муддатларида ишга туширилишини таъминлаш, бюджет ва экспорт прогнозининг бажарилиши, валюта операцияларида қарздорликни камайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Ўтказилган очиқ мулоқот жараёнида республикамиз раҳбари тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга ҳамиша тайёр эканлигини билдириб, уларни қийнаётган муаммоларни тинг­лади.

Мулоқот давомида тадбиркорлар асосан имтиёзли кредит, ер майдони ажратиш, коммунал хизмат кўрсатиш, маҳсулотларни экспорт қилиш, бўш турган объектларни «ноль» баҳода харид қилиш сингари масалалар бўйича мурожаат қилишди ва ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолмади.

Мурожаатларнинг айримлари жойида ўз ечимини топган бўлса, атрофлича ўрганишни талаб этадиган масалалар бўйича тегишли соҳа раҳбарларига шахсан туманларга чиқиб, тадбиркорлар билан учрашиш ва муаммоларни ҳал этиш вазифалари белгилаб берилди.

Маълумот учун айтиш жоизки, Қорақалпоғистон Республикасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дас­тури асосида 13381 нафар фуқарога 276 миллиард 718,7 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи ажратилди.

Шунингдек, умумий майдони 198,6 гектардан иборат 7 та кичик саноат зонасида бугунги кунда 123,6 миллиард сўмлик 51 та лойиҳа ҳамда умумий майдони 42,3 гектардан иборат «Нукус» эркин иқтисодий зонасида 154 миллиард сўмлик 3 та лойиҳа ишга туширилди. Қорақалпоғистон Республикасидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазири қабулхонасига келиб тушган 1 минг 549 та муаммоли масаладан 1 минг 502 таси ижобий ҳал этилди.