Мўйноқда бир қатор объектлар фойдаланишга топширилди


Мўйноқ туманида бир қатор объектларнинг қурилиши якунланиб, фойдаланишга топширилди. Янги биноларнинг очилиш тадбирида таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 20-21 август кунлари республикамизга ташрифи чоғида Мўйноқ туманида бўлиб, 2019-2021 йилларда туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича янги вазифаларни белгилаб берган эди. Ўтган қисқа вақт ичида бу борада самарали ишлар амалга оширилди.

“Қозоқдарё” овул фуқаролар йиғинидаги 9-сонли мактабгача таълим муассасаси янги биносининг фойдаланишга топширилиши ҳудуд аҳолисини чексиз қувонтирди.  Жорий йилнинг Инвестиция дастурига киритилган ушбу бинода 2 миллиард 800 миллион сўмлик қурилиш ишлари баражилди. Икки қаватли мазкур бинода болалар учун барча шароитлар яратилган. Яқин кунларда ҳудуддаги 7-сонли мактабгача таълим муасасасининг янги биносини  фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Туманда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. “Қозоқдарё” овул фуқаролар йиғинининг “Муйтен” аҳоли пунктидаги сувни чучуклаштирувчи  станциянинг фойдаланишга топширилиши бунинг ёрқин ифодасидир. Янги станциянинг фойдаланишга топширилиши натижасида 520 хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланади. Шунингдек, “Ерназар” ва “Кенес” овулларидаги сув тармоқларида ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Ер ресурслари ва давлат кадастр бошқармаси Мўйноқ туман бўлими, Қорақалпоғистон Республикаси ер мулк кадастр давлат корхонаси туман филиали жамоалари ҳам янги бинога эга бўлишди. Туман марказида қад ростлаган бинода ходимлар учун барча шароитлар яратилган. Бу ерда асосан ёшлар фаолият юритмоқда. Шу куни туман марказида курант минораси фойдаланишга топширилди. Умумий баландлиги 21 метр бўлган ушбу минорада вақт ҳар бир соат сайин билдирилади.

Туманда тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Мадели” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Шеге” овулида нон ва кондитер маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган цех ишга туширилди. “Халқ банки”нинг туман бўлимидан “Ҳар бир оила-тадбиркор” Давлат дастури бўйича олинган 17 миллион сўм кредит ҳисобидан учта янги иш ўринлари яратилди. Келажакда бу ерда яна бошқа хизмат кўрсатиш ўринлари яратилиши белгиланган.

Президентимизнинг шу йил 7-ноябрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлаш бўйича туманда ишлар бошлаб юборилди. Шу куни туман марказида ҳамда “Тик ўзак” овул фуқаролар йиғинларида ветеринария шохобчалари биноси фойдаланишга топширилди. Мутахассисларнинг таъкидлаганидек, янги биноларда аҳолига сифатли ветеринария хизматини кўрсатиш учун барча шароитлар яратилган. Туман ветеринария ва чорвачиликни ривожланириш бўлимига Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан тўрт дона скутер мототранспорти топширилди.

Янги биноларнинг фойдаланишга топширилишига бағишланган тадбирларда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Д.Қурбаниязов, туман ҳокими Е.Еденбаевлар иштирок этди.

Д.Абибуллаев.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.