Янги Ўзбекистонни биргаликда Қурамиз!


Шу йил 22 декабрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга ўтказиладиган сайловолди жараёнларда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси “Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!” шиори остида янгича ғоя, янгича қарашлар билан фаол иштирок этмоқда.

Биз учун янги Ўзбекистон – кучли парламентаризм институти фаолият кўрсатаётган ва “Инсон давлат учун эмас, давлат инсон учун” тамойили амал қилаётган мамлакатдир.

Партия юртимиздаги тинч-осойишта ҳаёт, барча соҳаларда қўлга киритилаётган ютуқ ва натижалар Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017–2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган амалий ишлар натижаси эканини эътироф этади. Ўтган беш йиллик ҳисобот даврида Бош вазирликка номзод томонидан тақдим этилган Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастури, партиянинг асосий ­дастури ва сайловолди платформаси унинг фаолиятида муҳим мезон бўлди.

Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги – миллий юксалиш, яъни мамлакатимиз тараққиёти, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва турмуш сифатини ҳар томонлама юқори босқичга кўтаришга дадил қадам қўймоқда. Барча соҳаларда модернизациялаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлигини таъминлаш асосида Ўзбекистоннинг янги, демократик қиёфаси яратилмоқда. Давлатимиз, эл-юртимизнинг салоҳияти ва куч-қудратига таяниб, табиий бойликларимиздан оқилона фойдаланиб, партия ўз олдига қўйган эзгу мақсадлар сари изчил қадам ташламоқда.

Шундай халқчил, шиддатли ислоҳотлар даврида партия мамлакатимиз сиёсий майдонида мустаҳкам ўрнини эгаллади.

Биз, қонун ижодкорлиги борасидаги фаолият сифатини тубдан ошириш, қонунчилик базасини тизимлаштириш ва қонуности ҳужжатлари сонини кескин қисқартириш, қонун ижодкорлигида “ақлли тартибга солиш” модели элементларини қўллаш, партиянинг қатъий позиция­си – бизга тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунлар керак ва қонуности ҳужжатлари билан умуммажбурий нормалар белгилашни тўхтатиш зарур деб, ҳисоблаймиз.

Шунингдек, қонуннинг ягона манбаи ва муаллифи халқ экан, қонунлар инсон ва жамият ҳаётини яхшилаш, эркинлаштириш учун қабул қилинади, деган олийжаноб ғояни ҳаётга жорий этиш тарафдоримиз. Партия норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш жараёнида кенг жамоатчиликнинг иштирокини таъминлаш ҳамда жамоат ташкилотларининг бу борадаги ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ белгилаб қўйиш мақсадида “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоат муҳокамасини ташкиллаштириш тўғрисида”ги қонунни қабул қилишни таклиф этамиз.

Халқ депутатлари кенгашлари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг ваколатларини кенгайтириш, энг муҳими – ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, реал даромадларнинг барқарор ўсиши, турмуш даражаси ва сифатини ошириш, маҳаллий бюджетни шакллантириш ҳамда назорат қилиш бўйича масъулиятини кучайтириш зарур. Биз халқ вакиллик органларининг фуқаролар учун очиқлигини таъминлаш, “Электрон парламент” ва “Электрон Халқ кенгаши депутатлари” каби концепцияларни ҳаётга изчил татбиқ этиш тарафдоримиз.

Биз Ўзбекистоннинг изчил “инновацион ва технологик ривожланишини” таъминлаш мақсадида ушбу соҳани бошқарув тизимини такомиллаштириш ғоясини илгари сурамиз. Биз давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятини тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестиция­ларни жалб этиш, бюджет маблағларини тасарруф қилинишининг шаффофлиги, давлат мулкидан фойдаланишнинг самарадорлиги ва мақсадлилиги каби муҳим кўрсаткичлар асосида баҳолаймиз.

Янги Ўзбекистон: “рақамли” ва ахборот жамиятига эга мамлакат. Партия ҳозирги ахборот жамияти шаклланиши шароитида, ахборот ва билимлар тараққиётнинг стратегик омилига айланган бир даврда мамлакат ривожланиши ва унинг рақобатбардошлигини таъминлаш замонавий ахборот-коммуникация ва “рақамли” технологияларни жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларига қанчалик жорий этилиши билан боғлиқ, деб билади.

Биз, Сайловолди дастурида энг муҳим  йўналишлар бўйича устувор вазифаларни белгилаб олдик. O‘zLiDeP Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган Ҳаракатлар стратегия­сидаги кенг кўламли сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар йўлини оғишмасдан, қатъий ва изчил давом эттириш, эркин, демократик, инсонпарвар давлат қуриш, фуқаролик жамиятини шакллантириш, Ватанимиз иқтисодий қудратини юксалтириш ва янада равнақ топтиришни ўзига асосий дастуриламал этиб белгилаб олган. Шунинг учун ушбу эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришга қаратилган O‘zLiDeP IX съездида тасдиқланган сайловолди дастуридаги 5 та йўналиш бўйича устувор вазифалар ўз ичига қамраб олади.

Жумладан, биринчи йўналиш бўйича истиқболда изчиллик билан сайловларнинг пропорционал тизимига ўтиш, “Электрон парламент” ва “Электрон халқ депутатлари кенгаши” концепцияларини ривожлантириш,  бошқарувнинг бозор механизм­ларини кенгайтириш, “Электрон ҳукумат” концепциясини изчил амалга ошириш, “рақамли ва ахборот жамияти” шаклланиши шароитида давлат ва жамият бошқарувининг барқарорлигини, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ўртасида давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш, давлат хизматига замонавий фикрлайдиган, янгича тафаккурга эга ёш авлод кадрларни жалб этиш, бош­қарувнинг инновацион, янада мослашувчан моделларини, шу жумладан, лойиҳа моделини (Agile, Scrum, Kanban, PRINCE2 ва бошқа) ишлаб чиқиш ва жорий этиш каби йўналишларни алоҳида белгилаб олдик.

Шунингдек, иккинчи йўналишда судлар мустақиллигини амалда таъминлаш учун бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ортиқча ваколатларини оптималлаштириш, вилоятлар миқёсидаги судларни бирлаштириш йўли билан ягона суд ­раиси бўйсинувига ўтказиш, жиноят қонунчилигини қайта кўриб чиқиш, халқаро амалиётни чуқур ўрганиб, демократик ва либерал қонунчилик тамойилларига мувофиқ бўлмаган миллий жиноят қонунчилигимизнинг санкция­ларини инсонпарварлик тамойиллари асосида либераллаштиришни изчил давом эттириш, адвокатура соҳасига аралашувлардан бутунлай воз кечиш, адвокат мақомини олиш учун қўйилган стажировка муддати ҳақидаги талабни бутунлай бекор қилиш, нодавлат нотариатни кенг йўлга қўйиш, нотариатда квота деган эскича, ўзини оқламаган қараш ва тизимдан бутунлай қутулиш, нотариал ҳаракатларнинг масофадан туриб, интерактив – электрон хизмат кўринишидаги фаолият соҳасини кенгайтириш ва олий юридик таълим даргоҳларини кўпайтириш масалаларига эътибор қаратдик.

Тадбиркорликка оид барча қонун ва қонуности ҳужжатларини тўлиқ инвентаризация қилиш ва унификациялаш ҳамда Тадбиркорлик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш, Ўзбекистоннинг “Бизнесни юритиш”, глобал рақобатбардошлик, инновациялар, саноатнинг рақобатбардошлиги индекс­лари бўйича дунёнинг етакчи 50 мамлакати қаторидан ўрин эгаллашини таъминлаш, 2030 йилгача иқтисодиётда саноат улушини икки баробар ошириш, инвестиция фаолиятига оид 10 га яқин қонунларни унификациялаш, инвестиция ­лойиҳалари ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлашнинг соддалаштирилган тизимини жорий этган ҳолда ягона Инвестиция кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш каби масалалар учинчи йўналишимиздан ўрин олган. Шу билан бирга Сайловолди дастурининг учинчи йўналишида қишлоқ хўжалиги кластерларини, кўп тармоқли фермер хўжаликларини, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, ишлов бериш, транспортда ташиш ва сотиш (экспорт қилиш) бўйича кичик ишлаб чиқариш корхоналари (“қишлоқ хўжалиги хаблари”) тармоғини ривожлантириш ҳамда “Кластерлар фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, жаҳон “Тўртинчи саноат инқилоби” арафасида турган бир паллада Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини ошириш, мамлакатнинг инновацион тараққиётини жадаллаштириш, “билимлар иқтисодиёти”ва “рақамли иқтисодиёт”ни ривожлантириш, “Ҳар бир оила – тадбиркор” деган олижаноб ғояни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиш, жамиятда фаол тадбиркорлик маданиятини шакллантириш, “Тадбиркорлар академияси”ни, соҳага қизиқаётган ёшлар учун эса консалтинг марказларини ташкил қилиш, 2020–2025 йилларда республикада хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш,  илмий-техник ишланмалар натижаларини ишлаб чиқаришга татбиқ қилишни тезлаштириш ва инновацион маҳсулотларни халқаро бозорга чиқариш тизимининг бар­қарор занжирини яратиш ва ривожлантириш мақсадида “Венчур тадбиркорлиги” ёки “Венчур молиялаштириш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш каби устувор вазифаларни илгари сурмоқдамиз.

Биз сайловолди дастуримизда аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш эвазига иш ўринларини яратишнинг комплекс чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, ёшларга доир давлат сиёсатини оғишмасдан давом эттириш, ёшларимизнинг мустақил фикрлайдиган, юксак интеллектуал ва маънавий салоҳиятга эга бўлиб, дунё миқёсида тенгдошларига ҳеч қайси соҳада бўш келмайдиган инсон бўлиб камол топиши учун бор куч ва имкониятларни сафарбар этишга ҳам алоҳида эътибор қаратганмиз. Бу борадаги вазифалар тўртинчи йўналишимизда ўз аксини топган. Унда  профессионал ва хусусий таълимни изчил ривожлантириш, соғлиқни сақлаш тизимини дунёдаги илғор позицияларга олиб чиқиш, унинг инновацион ва инсон капиталини кўпайтириш, давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида тиббиёт сифатини тубдан яхшилаш, хусусий мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, профессионал хусусий таълимни янада ривожлантириш “бутун умр давомида таълим олиш” концепция­сини жорий қилиш масалаларини илгари сурганмиз.

Бешинчи йўналишда эса, диний экстремизмга қарши кураш сиёсати, энг аввало,“Маърифат билан – жаҳолатга қарши”, “Маърифат ва таълим – тинчлик ва бунёдкорлик йўли”тамойилларини ҳаётга изчил татбиқ қилиш асосида олиб борилишини қўллаб-қувватлаш белгиланган. Шунингдек, мамлакатимиздаги турли миллат ва элатлар, фуқаролар тотувлиги, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини кўз қорачиғидек асраш, юртимизда виждон ва эътиқод эркинлиги, турли миллат вакилларининг ҳуқуқларини тенг кафолатлаб, диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, диёримизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари ўзаро ҳамжиҳат яшаши, мавжуд барча конфессияларга мансуб диний ташкилотлар эркин фаолият юритишига амалий ҳисса қўшиш, жамиятимиздаги ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада кучайтириш, қайси миллат, дин ва эътиқодга мансублигидан қатъий назар, барча фуқаролар учун тенг ҳуқуқларни таъминлаш партиямизнинг сайловолди дастуридан муҳим ўрин эгаллаган.

Сайловга саноқли кунлар қолди. Бу муҳим сиёсий жараёнда ғолиб бўлиш учун O‘zLiDeP ва унинг барча аъзоларида етарли имконият, куч ва салоҳият бор. Шу кунларда ҳар бир юртдошимиз, айниқса, бўлажак сайловда биринчи марта қатнашиши кутилаёт­ган 2,5 миллион йигит-қиз O‘zLiDeP партиясига жуда катта ишонч билан қараб турибди. Бу ишончни оқлашдан, юртдошларимиз учун янада қулай шароитлар яратиш, фаровон ҳаёт барпо этиш жараёнида фаол иштирок этишдан каттароқ бахт борми?

Ўзбекистондек жаннатмонанд юрт­да яшаш, халқимизнинг бахту саодатига шерик бўлиш, ҳеч шубҳа йўқки, ҳар бир партия аъзоси зиммасига жуда катта масъулият юклайди. O‘zLiDeP сайловолди платформаси учун “Мақсадимиз ойдин ва унга эришишнинг аниқ йўлларини биламиз”, “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” деган эзгу сўзларни шиор қилиб танлагани бежиз эмас.

Бугун O‘zLiDeP Ўзбекистоннинг сиёсий саҳнасида энг кўп аъзо ва тарафдорларига эга бўлган, фаровон ҳаётни таъминлашда етакчи роль ўйнайдиган халқчил партияга айлана олди. Шундай экан бўлажак сайловларда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг 48  минг­дан зиёд аъзолари, асосий ғоя ва мақсадларига хайрихоҳ юртдошларига ишонади.

С.Турманов,

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси.