
Жорий йилги Мустақиллик байрами ва янги ўқув йилини халқ таълими ходимлари ҳар йилгига нисбатан жуда катта кўтаринкилик ва байрамона кайфиятда кутиб олмоқдалар. Негаки, халқ таълими тизимида кейинги икки ой ичида шундай ўзгариш ва янгиланишлар юз бердики, уларни тизимда фаолият юритаётган барча ходимлар, ўқитувчилар мамнуният билан эътироф қилмоқдалар.
Муҳтарам Президентимиз жорий йилнинг 17 июль куни умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказган йиғилишида умумий ўрта таълим сифатини янги босқичга кўтариш бўйича вазифаларни белгилаб берди.
“Умумий ўрта таълим сифатини янги босқичга кўтариш керак. Ҳар бир синфда болаларнинг нималарни билиши зарурлигидан келиб чиқиб, давлат таълим стандартлари ва ўқув режаларини қайта кўриб чиқиш лозим. Дарсликларни энг замонавий методикалар асосида яратиш ва чоп этиш, мактабларда технология, муҳандислик фанлари, математика, санъат, чет тиллари йўналишларини кучайтириш, бу борадаги лабораторияларни қайта жиҳозлаш талаб этилади. Мактабгача таълим ва олий таълим тизимлари билан узвийликни таъминлашга ҳам эътибор бериш керак”, деб таъкидлаган эди давлатимиз раҳбари.
Мазкур йиғилишда Президентимиз педагогларнинг ойлик маошини, жамиятдаги мавқеини ошириш, уларни ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқлар берди. Шунингдек, турли назорат органлари томонидан ўқитувчилар фаолиятини текширишларни чеклаш, мажлисларда қатнашиш, обуна ва шу каби касб фаолиятига тегишли бўлмаган ишларга жалб қилмаслик кераклиги таъкидланган эди.
Орадан кўп вақт ўтмади. Жорий 2018 йил 14 августда “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди ва мазкур ҳужжатда юқорида келтирилган топшириқлар ўз аксини топди.
Қарорга мувофиқ, Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Унда юксак маънавиятли, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқарашга эга бўлган фидойи ва ватанпарвар ёшларни тарбиялаш, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялаш, педагог ходимларнинг қадр-қиммати ва нуфузини ошириш, уларнинг моддий-маънавий ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, улар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар содир этилишининг олдини олиш, ёшлар жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун шарт-шароитлар яратиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ўқувчи-ёшларни ижтимоий муҳофаза қилиш, ижтимоий эҳтиёжманд оилалар фарзандларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш масалалари устувор вазифа сифатида белгилаб қўйилди.
Шунингдек, ушбу қарорга мувофиқ, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг базавий тариф ставкалари белгиланган тартибда оширилмоқда. 2019 йил 1 январдан эса тоифага эга ва мутахассис ўқитувчиларнинг ҳам ойлик маошлари оширилиши назарда тутилган. Шу билан бирга Халқ таълими вазирлиги томонидан тақдим этилган рўйхат бўйича халқ таълими тизимидаги педагог ходимларга истеъмол кредитлари, шу жумладан, автотранспорт воситалари сотиб олиш учун махсус жамғарма ҳисобидан тегишли шартларда кредитлар бериш тартибини жорий қилиш белгиланди.
Бу янгиликлар, берилаётган имтиёз ва имкониятлар мустақиллигимизнинг 27 йиллиги ва янги ўқув йили бошланиши арафасида ўқитувчиларимизга байрам совғаси бўлди.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига қарашли 723 та таълим муассасаси бўлиб, уларнинг биттаси Меҳрибонлик уйи, 17 таси «Баркамол авлод» болалар маркази ва 705 таси умумтаълим мактабларидир. Ушбу муассасаларда янги 2018-2019 ўқув йилига пухта ҳозирлик кўрилди.
2018 йилнинг Инвестиция дастурига 22 та ва “Обод қишлоқ” давлат дастурига 32 та умумтаълим мактаби киритилди. Қолган мактабларимизда енгил таъмирлаш ишлари олиб борилди ва айни вақтда ниҳоясига етказилди. Ҳозирги вақтда мактабларимиз янги ўқув йилига тўлиқ тайёр қилиб қўйилди.
Жорий ўқув йилида 36 минг 583 нафар болалар1-синфга қабул қилиниши режалаштирилган. Улар учун бериладиган 12 номдаги ўқув қуроллари тегишли мактабларга тўлиқ етказилди. Президент совғаси бўлган ушбу ўқув қуроллари сумкаси билан бирга мактабга илк қадам қўйган ҳар бир ўқувчига ўқиш бошланган куни берилади.
Кам таъминланган, етим ва ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар фарзанларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шундай 35 минг 177 нафар болалар учун қишки кийим-кечакларга бюртмалар берилди.Ўқув йили бошланиши билан бу ишлар ҳам амалга оширилади.
Ўқув йили бошланиши олдидан ота-оналарга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида республикамиз бўйича 70 та умумтаълим мактабларида ярмаркалар ташкил қилинди. 10 августдан 10 сентябргача фаолият олиб борадиган мактаб ярмаркалари савдо ташкилотлари томонидан 26 турдаги ўқув қуроллари билан тўлиқ таъминланди.
Умумтаълим мактаблари ўқувчиларини дарсликлар билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2018-2019 ўқув йилига 1-, 2-, 11-синф тўлиқ тўпламда, 3, 4, 6-синфлар учун “Чет тили” дарслиги ва машғулот дафтари, махсус мактаб ва мактаб интернатлари учун жами 366 номдаги 1 587 232дона дарслик ва ўқув қўлланмалари учун Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига буюртмалар берилди ва “Ўқув таълим-таъминот” МУК Қорақалпоғистон филиали томонидан мактабларга етказилди.
Бир сўз билан айтганда, жорий янги ўқув йилини халқ таълими ходимлари катта янгиланишлар билан байрамона кайфиятда бошламоқдалар. Бугун нафақат таълим тизими ходимлари балки, бутун халқимиз Президентмизнинг ўқитувчи-педагогларга кўрсатаётган эътибори ва ғамхўрликларидан мамнун бўлмоқда. Ўқитувчиларимиз эса давлатимиз раҳбарининг “Умумий ўрта таълим сифатини янги босқичга кўтариш керак”, деган таъкидларини ўзларига шиор қилган ҳолда зиммаларига юклатилган масъулиятли вазифани сидқидилдан ва фидойилик билан бажаришга киришмоқдалар. Ишонаманки, бу ислоҳотлар албатта ўз самарасини беради ва таълим сифати янги босқичга кўтарилади.
А.Аяпов,
Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири.



