Зерикканда эрмак учун қуш отиб,
Қанча ғознинг мой таомин ошадик.
Сувда сулгин, бакра, сазан, оқ марқа,
Оққув, ўрдак, қашқалдоқни ушладик.
-Қаёқда?
-Пўрхон атов, Мадалида, Мўйноқда.
Т.Жумамуратов,
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири
Саксовулнинг шамолида силкинар,
Гўё учар кемаларнинг елкани.
Денгиз ўрни кенг хиёбон, тонг кулар
Шу эканда янги ҳаёт дегани
Қаёқда?
Ўзгараётган,
Яшнаб турган Мўйноқда.
Кенг кўчалар денгиз қайтган ерларда,
Қад ростлади кўркам, миллий бинолар.
Зумрад ўрмон чайқалади қирларда,
Қуёш берар янги кундан садолар.
Қаёқда?
Атрофи гул,
Озод кўнгил Мўйноқда.
Қизлар тиккан дарпардалар ҳилпирар,
Мактабида, боқчасида, уйларда.
Сулув қизлар юзида бахт барқ урар,
Шукроналик, ризолик бор дилларда.
Қаёқда?
«Порлоқ» номли
Фабрикада Мўйноқда.
Савлат тўкиб турар қатор саройлар,
Санъат, билим, маърифатга кўшк бўлиб.
Кўлларининг устида чағалайлар,
Учиб қўнар, янги ҳур қўшиқ бўлиб.
Қаёқда?
Толъе тошқинлаган,
Янги Мўйноқда.
Дунё шошар қайтган сувни кўрмоққа,
Кўрса Орол– янги ҳаёт денгизи.
Сувлар қумга сингса ҳам кўр, тўрт ёқда,
Яшнаб турар боғлар зумрад, қирмизи
Қаёқда?
Келинг
Қорақалпоғистон–Мўйноққа!
Гулистон МАТЯКУБОВА,
Қорақалпоғистон халқ шоири.



