Мурожаатнома халқимизга куч-қувват бағишламоқда


Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномасини катта қизиқиш билан кузатиб бордик. Мурожаатномада давлатимиз раҳбари барча соҳалар қатори таълим ва ёшлар тарбияси масаласига алоҳида эътибор қаратди. Айниқса, мен Президентимизнинг “Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади”, деган фикрларидан жуда таъсирландим.

Дарҳақиқат, ёшларимиз билимли, маърифатли бўлиши учун ўз ишимизга масъулият билан ёндашишимиз керак. Шунингдек, таълим сифатини тубдан яхшилаш борасида соҳада халқаро муносабатларнинг яхши йўлга қўйилаётганлиги, истеъдодли ёшлар учун Президент ва Ижод мактабларининг ўз ­фаолиятини бошлаганлиги, давлат хусусий шериклиги асосида мактаблар қуриш режалаштирилаётганлиги менда катта қизиқиш уйғотди.

Дарҳақиқат улуғ бобомиз Имом Бухорийнинг “Барча амаллар ниятга қараб бўлади”, деган фикрлари бекорга айтилмаган. Зеро, ният холис бўлса, халқимиз фаровонлиги юксалиб, олдимизга қўйган барча эзгу мақсадларимизга эришамиз.

Мурожаатномада билдирилган фикрлар барчамизнинг ­фаолиятимизда дастуриламал ва куч қувват бўлмоқда.

Сановар Хўжамуратова,

Амударё туманидаги 40-сонли мактаб директори,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати.