Экологик тарбия масаласига бағишланди


Ўзбекистон экологик партияси Қорақалпоғистон ­Республикаси партия ташкилоти томонидан Қорақалпоғис­тон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейида «Қумга чўккан кемалар» мавзусида кўргазма ташкил қилинди. Тадбирда Қорақалпоқ давлат университети Табиатшунослик факультети  ўқитувчилари, талаба ёшлар иштирок этди.

Ёш авлоднинг экологик маданиятини, Орол денгизи ҳақидаги билимларини ошириш, она табиатга ва унинг бойликларига муҳаббат уйғотиш мақсадида ташкил қилинган кўргазмада ёшларга бугунги кунда Орол денгизи тубида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, шоирлар Орол денгизига бағишланган шеърларини ўқиди ва Орол денгизи ҳақидаги видеофильм намойиш қилинди.

Кўргазма якунида қумликда қолган кемалар расмларини чизган 12-сонли Амет Бахши номидаги Болалар мусиқа ва санъат мактабининг фаол ўқувчилари музей ходимлари томонидан рағбатлантирилди.