Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Бугунги кунда мазкур Фармоннинг ижросини таъминлаш бўйича барча ҳудудларда ва аҳоли орасида тарғибот ташвиқот ишларини олиб бориш орқали унинг мазмун-моҳиятини кенг аҳоли қатламларига етказиш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда.
Шўманай тумани “Мамий” овул фуқаролар йиғинида туман сектор раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари, фуқаролар йиғинлари оқсоқоллари, тегишли корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида семинар ташкил этилди.
Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири С.Турманов, туман ҳокими Б.Янгибоев ва бошқалар сўзга чиқиб, фармоннинг мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтишди.
Тадбир доирасида ушбу овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги оилаларни ташвишга солаётган муаммолар ўрганилди. Ҳудуд аҳолисини қийнаётган муаммолардан бири ишсиз эканлиги қайд қилиниб, шу ернинг ўзида ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш бўйича туман Бандликка кўмаклашиш марказига тегишли тартибда топшириқлар берилди.
Тадбирда “ Мамий” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги имконияти чекланган бироқ, ишлаш истагида бўлган фуқароларнинг томорқа ерларига туман ҳокими томонидан берилган мевали дарахт кўчатлари экилди.
Шунингдек, 3 нафар ёшларга туман ҳокимлиги фондидаги ер майдонлари ҳисобидан 1 гектардан ер берилди.
— Барча соҳа раҳбарлари аҳоли орасида юриб, уларнинг яшаш шароити, турмуш даражаси билан танишиб, муаммоларини ҳал этишлари шарт. Халқ биздан рози бўлиб, ўз ҳаётида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган қарорлар, қонунлар, ва фармонларнинг ижроси натижасини кўра олишига эришиш бизнинг асосий мақсадимиздир. Шундай экан ҳар бир ватандошимиз халқимизнинг фаровон турмушини таъминлашда ўз ҳиссасини қўшиши керак, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири С.Турманов.
Ҳудди шундай тадбирлар тумандаги бошқа овул ва маҳалла фуқаролалар йиғинларида ҳам ўтказилмоқда.
Қорақалпоғистон хабар агентлиги.



