Биз, кундалик ҳаётимизда «Она Ватан», «Она замин», «Она юрт», «Она тили», «Она улуғ», «Она муқаддас» каби ибораларни кўп бора эшитамиз ва ўзимиз ҳам қўллаб турамиз. Аммо, бу иборани қўллаганда ёки эшитганда ҳамиша ҳам туб моҳиятини англайвермаймиз. Айниқса, оналари билан ҳар куни мулоқот қиладиган болажонлар, ўқувчи ёшлар оналаримизга улуғ, муқаддас каби таърифларни қўшиб ишлатишимизнинг туб моҳиятини унчалик ҳам англамай оддий ҳолдек қабул қилишлари мумкин.
Мактабимизда 8 март — Халқаро-хотин қизлар байрами муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирни бежиз «Жаннат – Оналар оёғи остидадир» деб номламадик.
Тадбирга тайёргарлик жараёнида ноанъанавий тарзда кўпроқ ўқувчиларнинг ўзлари изланишига имконият яратдим. Уларга бир неча савол билан юзландим: «Онангиз сизга нега керак?! Сиз онангизга нима учун кераксиз?! Умуман онангизга керакли бўлиш учун нималар қилдингиз ва қила оласиз?!
Мана шу саволларга ҳар бир ўқувчи ўзича жавоб топиши ва байрам тантаналарига шу нуқтаи назардан ёндашиши жуда қизиқарли бўлди. Бу жараён ўз навбатида юқорида таъкидланган улуғ, буюк, муқаддас каби жумлалар нима учун она сўзига қўшиб ишлатилишини ўқувчиларимиз тўла англашига ёрдам берди.
Эътиборлиси, тадбир давомида ўқувчиларимиз томонидан намойиш қилинган саҳна кўринишлари, шеърларни ифодали ўқиш, рақс ва қўшиқлар ижросида ёққол намоён бўлди.
Тадбирда таъкидланганидек, тарихдан аёнки барча буюк шахсларни ҳам оналар дунёга келтирганлар. Бизни дунёга келтирган, тунларни бедор ўтказиб емай – едириб, киймай – кийдирган, бетоб бўлсак жонини фидо қилган, улғайиб катта бўлишимизни таъминлаган оналарни эъзозлаш, уларга ҳурмат кўрсатиш ҳар бир фарзанднинг бурчидир.
«Жаннат – Оналар оёғи остидадир» мавзусида тадбирни ўтказишдан мақсадимиз ҳам ўқувчиларимиз онгида Она – ҳақиқатан ҳам муқаддас, улуғ зот эканлигини чин маънода англашларига кўмаклашиш эди. Тадбир давомида ўқувчиларнинг ҳолатидан, ота-оналарнинг фикрларидан билдимки, биз мақсадимизга қайсидир маънода эриша олибмиз.
Агарда оналарни улуғлашга қаратилган тадбирларни шу тариқа «жонли» ўтказишга эътибор берсак, халқимиз орасидаги «Она қадрини, она бўлганингда биласан» нақли ҳам камроқ ишлатилишига замин яратамиз, назаримда. Негаки, ўқувчилар ёшлигиданоқ онани қадрлашга, эъзозлашга ўрганса, юқоридаги нақлни ишлатишга ҳожат қолмайди.
Она – энг улуғ зот. Буни фарзандларга ўз вақтида англатиш биз ўқитувчилар зиммасидаги вазифадир. Айтмоқчиманки, қайсики иш, тадбир чин юракдан, ҳолатни ҳис қилиб бажарилса, самарали бўлади.
Фурсатдан фойдаланиб, жамики оналаримизни байрам билан табриклаб, сўзимни Алишер Навоий бобомизнинг оналаримизга берган таърифи билан якунламоқчиман:
Оналарнинг оёғи остидадир,
Равзаи жаннату жинон боғи.
Равза боғи висолин истар эсанг,
Бўл онанинг оёғин туфроғи.
Фотима Каримова,
Тўрткўл туманидаги 5-умумтаълим мактабининг бошланғич таълим ўқитувчиси.



