Солиқ бошқармаси: Нархлар асоссиз оширилмайди


Маълумки, республикамиз бўйлаб карантин ҳолати эълон қилиниб, айрим чекловлар жорий қилинган эди. Мана, шу карантин мобайнида интернет тармоғи ва аҳоли ўртасида тарқатилган баъзи бир асоссиз миш-мишлар сабабли бозорлар ва йирик савдо комплексларида озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёж ортди. Баъзи бир фуқароларимиз эса йирик савдо комплекслари ёпилиб қолади, деган хаёл билан  озиқ-овқат маҳсулотларини кўп миқдорда харид қилишди.

Қорақалпоғистон Республикаси Давлат солиқ бош­қармаси томонидан берилган маълумотларга қараганда, бошқарма ва унинг бўлимларидаги “Ишонч телефонлари”га шу мазмундаги жами 8 та мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатлар бўйича тегишли тартибда ўрганиш ишлари олиб борилди.

Лекин, гувоҳи бўлганимиздек, бозорларимиз мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари ва бошқа кундаликли истеъмол товарлари билан тўлдирилган.

Мана шундай оғир синовли пайтда маҳсулотнинг нархини  оширмасдан, аввалгидек нархларда сотиб, халқимизга  ёрдам кўрсатаётган ҳалол тадбиркорларимиз кўпчиликни ташкил этади. Аммо, “Гуруч курмаксиз бўлмайди” деганларидек, истеъмолчиларнинг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган юқори эҳтиёжидан ўз манфаати йўлида пайтдан фойдаланиб қолиш, кўпроқ даромад топиш истигида бўлган “тадбиркорлар” ҳам йўқ эмас.

Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бош­қармаси ва бошқа тегишли органларнинг масъул ходимларидан тузилган ишчи гуруҳ вакиллари нарх­лар асоссиз кўтарилишининг олдини олиш мақсадида жойларда тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Бошқарма томонидан бизга берилган маълумотларга қараганда, 17-март куни солиқ идоралари ва тегишли органлар томонидан ўтказилган мониторинг ишлари давомида айрим инсофсиз “тадбиркор сотувчи”лар томонидан маҳсулотлар нархлари оширилиб, ҳеч қандай ҳужжатларсиз сотилаётган ҳолатлар аниқланган.

Жумладан, Беруний туманидаги “Деҳқон бозори”да фуқаро М.А. томонидан картошка, сабзи ва пиёз маҳсулотлари қиммат нарх­да сотилаётгани, шунингдек, ҳеч қандай ҳужжатларсиз савдо қилаётгани аниқланиб, ушбу фуқарога тегишли бўлган 410 минг сўмлик маҳсулотлар иш қонуний ҳал этилгунича вақтинча олиб қўйилди.

Шунингдек, Тўрткўл туманидаги “Деҳқон бозори”да фуқаро С.С. ҳеч қандай тегишли ҳужжатларсиз, 1 килограмм картошка нархини 5000 сўмдан, пиёзни 2500 сўмдан сотаётгани аниқланган. Солиқ ходимлари томонидан бу фуқаронинг 479500 сўмлик маҳсулотлари иш қонуний ҳал этилгунга қадар вақтинча олиб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев  шу йилнинг 18 март куни маҳалла ва оила масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида, коронавирус ­муаммоси ва унинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга алоҳида тўхталиб ўтиб, ачинарлиси, ушбу юқумли касаллик мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаганини қайд этди.

Ҳозирги вақтда ҳар бир ҳудудда ҳокимлар раислигидаги махсус штаблар ташкил этилиб, эпидемиологик ҳолат бўйича ҳар ­соатлик ва кунлик маълумотлар таҳлил этилган ҳолда, тегишли чоралар кўрилмоқда. Чет давлатлардаги ватандошларимиз чартер авиарейслари ор­қали юртимизга қайтарилмоқда. Чегараларда ҳаракат чекланди, аммо транспорт­да юк ташиш тўхтатилмади.

Президентимиз ушбу йиғилишда вазият назоратда эканлигини маълум қилиб, озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ошиб кетмаслиги учун барча чоралар кўрилаётгани, мамлакатимизда етарли даражада захира мавжудлигини, хавотирга тушмасдан, кўпга келган бу балога қарши бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз кераклиги, бозорлардаги нархлар ошишининг олдини олиш зарурлигини қайд этди.

Шу боис, нархларнинг сунъий оширилишига сабаб йўқ, маҳсулотлар аввалгидек нархларда сотилиши зарур. Бу борада тарғибот ва ташвиқот ишлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, агарда нархларнинг асоссиз равишда оширилганининг гувоҳи бўлсангиз, Ўзбекистон Республикаси солиқ қўмитасининг (71) 224-98-98 рақамли “ишонч телефони” ёки Call марказининг “1198” қисқа рақами ва Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармасининг (361) 222-00-33 рақамли ишонч телефони, шунингдек, жойлардаги давлат солиқ инспекцияларининг “Ишонч телефонлари”га мурожаат қилишингиз мумкин.

А.Жиемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.