МЎЙНОҚДА СУВ РЕСУРСЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ имконияти янада кенгайтирилади


Маълумки, Мўйноқ тумани республикамизнинг энг чекка ҳудудида жойлашган. Сўнгги йилларда кузатилаётган сув танқислиги ва мазкур ҳудуддаги ички ирригация тармоқларининг асосий қисми талаб даражасида сув етказиб бериш имкониятига эга эмаслиги, экин майдонлари ҳолати ёмонлашиб, фойдаланишдан чиқиб кетишига олиб келган эди.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги «Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги  фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида   тумандаги фойдаланишдан чиқиб қолган ерларни қайта ўзлаштириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, «Алий» овулидаги секундиги 8 метр куб сув ўтказиш имкониятига эга бўлган «М-2» каналининг 25 километр қисми тўлиқ қайта қазилди. Шунингдек, ушбу каналнинг 14-километридаги акведук ва  21-километридаги дюкерларида тиклаш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.  Бундан ташқари мазкур овул марказига сув етказувчи «КДОК» каналининг 3 километр қисми реконструкция қилинди.

Фойдаланишдан чиқиб кетган ер майдонларини қайта ўзлаштиришда ҳудуддаги насос агрегатларининг самарали ишлаши, зарур ҳолларда янгиларини ўрнатиш муҳим аҳамият касб этади. Ҳозиргача тумандаги «Қизил-жар» насос станциясида битта «ОГ-5» русумли ва иккита НДН-24 русумли насос агрегатлари ишлаб турган эди. Яқинда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан ушбу ҳудудга юқоридаги насосларга қўшимча яна бир НДН-24 русумли насос агрегати олиб келиб ўрнатилди.

Айни кунларда мазкур насос агрегати ҳам ишга туширилди. Маълумотларга кўра, Мўйноқ туманида жами 5 минг 700 гектардан ортиқрок, шундан қўшимча насос агрегати қурилган «Қизил-жар» массивида 1427 гектар ер майдонлари фойдаланишдан чиқиб қолган экан. Эндиликда, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги саъи-ҳаракатлари билан ушбу ҳудудларга сув етказиб бериш яхшиланмоқда.

Эътиборлиси, Мўйноқда ишга қўшилаётган қўшимча насос агрегати фойдаланишдан чиқиб қолган экин майдонларини қайта ўзлаштириш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш имкониятини янада оширмоқда.

Ғ.Отажонов.