Сирдарё вилоятида юз берган офатдан жабр кўрган аҳолига кўмак бериш, сув тошқинидан азият чеккан юртдошларимизга ёрдам кўрсатиш мақсадидаги хайрли ишдан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ҳам четда турмади.
“O’zLiDePнинг инсонпарварлик карвони” акцияси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан мазкур офатдан жабрланган аҳоли учун навбатдаги ёрдам юборилди.
– Сирдарё вилоятида юз берган офат бутун халқимизни, шу жумладан бизни ҳам ташвишга солди,– дейди партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Сағиндиқ Турманов. – Қийналганда ёрдам бериш, эҳтиёжмандларга кўмак кўрсатиш халқимизга хос азалий қадриятлардан саналади.
Акция доирасида хайрли ишга нафақат саховатпеша инсонлар, балки, партиямизнинг туман ва шаҳар кенгашлари ходимлари, тадбиркорлар, фермерлар, депутатлар ва партия фаоллари баҳоли қудрат ҳисса қўшмоқда. Навбатдаги инсонпарварлик карвони билан Сардоба сув омборида сув тошқини туфайли жабрланган биродарларимиз учун озиқ-овқат, кийим-кечак, кўрпа-тўшак, уй-рўзғор буюмлари, тозалаш воситалари юборилди.
Мақсадимиз эса сирдарёлик ватандошларимизга оз бўлсада далда бериш, кўнгилларини кўтаришдир.
Барчани бир мақсад йўлида бирлаштирган бу каби хайрли тадбирлар жойларда давом этмоқда.
Д.Абибуллаев,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.




