Халқ тарихи ва маданияти жамланган маскан


Дастлабки кўргазмаси 1929 йилда Тўрткўл шаҳрида ташкил этилган Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейи мана 90 йилдан буён қорақалпоқ халқининг бой ­тарихи ва санъатини, ўлкамиз флора ва фаунасини акс эттирувчи экспонатларни кенг оммага намойиш этиб келмоқда. 

Ўз фаолиятини 20 та экспонат билан бошлаган музей коллекцияси бугунги кунга келиб 80 минг 754 донага етди. Шундан 400 дан зиёди ноёб экспонат ҳисобланади. Музей фондида заргарлик, археология, ҳунармандчилик, амалий санъат, табиат, XX асрга тегишли бўлган маълумотлар, Қорақалпо­ғистон Республикаси тасвирий санъати ривожига ҳисса қўшган, шунингдек, Оролбўйида ижод қилган рассомларнинг тасвирий санъат асарлари сақланади. 

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Оролбўйида маданият, адабиёт, санъат соҳаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 28 йиллиги арафасида қатор ижтимоий соҳа объектлари билан бир қаторда Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейи янги биносининг фойдаланишга топширилиши ажойиб туҳфа бўлди. Миллий меъморчилик намунаси асосида қурилган бинода барча шароитлар мавжуд. 

Бу бежиз эмас албатта. Чунки, музейлар ҳар бир халқнинг ўтмишидан бугунги кунигача сақланиб келинаётган шажараси ҳисобланади. Улар орқали халқнинг тарихини, давр руҳини ҳис қилишимиз мумкин. Ёшларни она Ватанга садоқат, миллий қадриятларимизга, урф-одат ва анъаналаримизга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги ўрни беқиёсдир. 

Халқимизнинг тарихини, санъат асарларини ўзида жамлаб, деярли 90 йилдан буён беминнат хизмат қилиб келаётган Қорақалпоқ давлат ўлкашунослик музейига Ўзбекис­тон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 декабрдаги “2017-2018 йилларда давлат музейлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейи номи берилди. Шунингдек ушбу қарор асосида Мўйноқ тумани “Экология” ва Эллик­қалъа тумани “Археология” музейлари музей филиалларига айлантирилди. 

– Бугунги кунда этнография, табиат ва археология, янги тарих бўлимлари фаолият юритиб келмоқда – дейди музей директори ўринбосари Сения Байбосинова. – Янги бино ишга туширилиши муносабати билан музей фаолиятини тарғиб этиш, чет эллик сайёҳларни кенг жалб қилиш мақсадида “Туризм ва маркетинг”, “Реклама ва ахборот агентлиги” бўлимлари ишга туширилди. 

Жорий йил 1 чорагида 28 та стационар ва кўчма кўргазмалар ташкил этилди. Ҳозирда COVID-19 пандемияси сабабли карантин даврида онлайн дастур тизими ишга туширилди. Музейнинг интернет тармоқларидаги саҳифаларида бу ерда сақланаётган экспонатлар тўғрисида маълумотлар киритиб борилмоқда. Шунингдек, томошабинлар учун видеороликлар орқали музейга виртуал саёҳат қилиш имкони яратилган. 

Д.Абибуллаев.