Бўзатов ёшлари билан учрашув


Шу йил 9 июнь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Т.Худайбергеновнинг Бўзатов тумани ёшлари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2019 йил 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот технологиялари мактабидаги ёшлар билан учрашувида таъкидлаганидек, 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан чорвачиликка ихтисослаштирилган Бўзатов туманининг қайта ташкил этилиши ёшларга  чексиз қувонч бахш этди. Бугунги кунда республикамизнинг барча ҳудудлари сингари мазкур туманда ҳам ёшлар ҳаётида қатор ижобий ўзгаришлар юз бермоқда. Жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бўзатов тумани Кенгашининг ташкил этилиши улар учун ниҳоятда аҳамиятли воқеаларнинг бири бўлди.

Бугунги кунда туман марказида кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, «Боз-тех» масъулияти чекланган жамиятининг фойдаланишга топширилиши билан кўплаб ёшларнинг бандлиги таъминланди. Йилига ҳар сменада 1,5 миллион дона, жами  2 миллиард 250 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада бугунги кунда 90 нафар хотин-қизлар меҳнат қилмоқда. Эллик­қалъа туманидаги «Жайҳун барака чеварлари» масъулияти чекланган жамиятининг уч нафар мутахассиси ёшларга устoзлик қилмоқда.

— Ёшларнинг тикувчилик касбига бўлган қизиқиши кучли, — дейди «Жайҳун барака чеварлари» масъулияти чекланган жамияти ходими Шаҳноза Жуманиязова. — Ҳамкасбларим Ирода Абдуллаева, Робия Сабурова билан биргаликда қизларга тикиш ва бичиш сирларини ўргатмоқдамиз.

Мутахассислар таъкидлаганидек, энг замонавий дастгоҳлар билан жиҳозланган корхона маҳсулотларига нафақат ички бозоримизда, балки хорижда ҳам қизиқиш катта. Бугунги кунда Россия Федерациясининг қатор шаҳарлари билан экспорт шартномалари имзоланган.

«Бўзатов» шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудида 5 гектар ер майдонида  «Ёшлар боғи» ташкил этилди. Бу ерда 5 минг туп мевали дарахт кўчати ва полиз маҳсулотлари экилди.  “Фидойи ёшлар” гуруҳига жамланган 30 нафар ёшлар иш билан таъминланди. Шунингдек, туманда 300 га яқин  иссиқхона қурилган бўлса, шундан 30 таси ишсиз ёшларга берилди. Шулардан бири Улзода Жуманазарованинг иссиқхонасида айни чоғда помидор етиштирилиб,  аҳолига арзон баҳода сотилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан ташкил этилган “Мўйноқ келажаги бунёдкорлари” масъулияти чекланган жамиятига  туман ҳокимининг қарори билан 500 гектар ер майдони ажратилди.

— Жорий йилда 168 гектар майдонда 40 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бўзатов тумани Кенгаши раиси Низаматдин Тўремуратов. — Шундан 118 гектарига маккажўхори, 50 гектарига беда экилди. Бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.

Яқин кунларда туманда Ёшлар маркази, 800 ўринли Амфитеатр, 1000 ўринли замонавий футбол ўйингоҳи фойдаланишга топширилади.  Ёшлар марказида инглиз тили, компьютер технологиялари ва рақс тўгаракларини ташкил этиш режалаштирилган.

Учрашувда туман ёшларининг бандлигини таъминлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан бир қаторда келгусидаги режалар ҳам белгиланди. Жумладан, «Бунёдкор ёшлар» отрядларини ташкил этиш, «Ҳар бир оила тадбиркор» Давлат дастури доирасида ёшларга имтиёзли кредит маблағларини ажратиш, иссиқхоналар ташкил этиш бўйича Мўйноқ ёшларининг тажрибасини оммалаштириш масалалари тўғрисида сўз юритилди.

Ўз навбатида ёшлар ҳам фикр-мулоҳазаларини билдиришди ва бу бўйича тегишли соҳа раҳбарларига топшириқлар берилди.

Д.АБИБУЛЛАЕВ,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги мухбири.