НУКУСЛИК ЎҚУВЧИ ХАЛҚАРО ТАНЛОВ ҒОЛИБИ


Испания давлати томонидан онлайн тарзда ўтказилган халқаро «WORLD ART GAMES» танловида Нукус ихтисослаштирилган маданият мактаби ўқувчиси Сарвиноз Олимова ғолиб бўлди.

Унинг фортепианода ижро этган қорақалпоқ бастакори ­айип Демесиновнинг «Прелюдия» асари ҳайъат аъзолари томонидан юксак баҳоланди ва биринчи ўринга муносиб деб топилди. Ёш истеъдод эгаси томонидан асарнинг ҳиссиётларга бойлиги, жўшқинлиги ҳамда техник жиҳатдан аниқ ижро этилганлиги қайд этилди.

— Мамлакатимизда жорий этилган карантин даврида ҳам шогирдларимиз билан турли кўрик-танловларда иштирок этиб келяпмиз, — дейди устози Гулнора Алланиязова. — Сарвиноз 2019 йилнинг ноябрь ойида Испания мамлакати томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган «OPEN-ASIA» халқаро кўрик-танловида иштирок этиб, совринли иккинчи ўринни эгаллаган эди. Бу эса, мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдодини юзага чиқариш  борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг ижобий самарасидир.

Д.АБИБУЛЛАЕВ.