Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2017 йил 12 декабрдаги ПФ-5278-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат тиббиёт муассасалари томонидан фуқароларга маълумотномалар бериш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2020 йил 10 январдаги 18-сон қарорининг 1-иловаси билан тасдиқланган «Фуқароларнинг руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисида маълумотнома бериш бўйича давлат хизмати кўрсатиш»нинг маъмурий регламенти бўйича ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки давлат хизматларидан электрон тарзда фойдаланиш учун ЯИДХП да рўйхатдан ўтади.
Ариза берувчи ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса мустақил тўлдиради. Учинчи шахслар манфаати учун ҳаракат қилаётганда сўровномага нотариал тасдиқланган ишончнома илова қилинади.
Зарур маълумотлар сўровномага киритилгандан сўнг ариза берувчи уни ўз электрон рақамли имзоси билан тасдиқлайди.
ЭРИ калити бўлмаган ҳолларда тегишли имзолар идентификация қилишнинг бошқа воситалари (дактилоскопия, электрон имзо ва бошқалар) билан ҳам тасдиқланиши мумкин.
Давлат хизмати Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилгани учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2,0 фоизи миқдорида йиғим ундирилади (ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги фуқаролар бундан мустасно).
Давлат хизматидан фойдаланиш учун ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда, Давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат этганда тўланадиган сумманинг 90 фоизи миқдорида йиғим тўланади.
Сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилиши, шунингдек, давлат хизматлари кўрсатиш учун йиғимни тўламаслик давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.
Давлат хизматлари кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.
Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўрилмасдан қолдирилади. Бунда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.
Ариза берувчи Давлат хизматлари марказига келиб мурожаат этганда, унинг сўровномаси Давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, ариза берувчи томонидан тасдиқланганидан сўнг барча ҳужжатлар реал вақт режимида ваколатли органга электрон шаклда юборилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса сўровнома автоматик тарзда ваколатли органга юборилади.
Ваколатли орган сўровнома тушган вақтдан бошлаб реал вақт режимида QR-код (матрик штрихли код) қўйилган маълумотномани расмийлаштиради ҳамда уни ўз ЭРИси билан тасдиқлаб, тегишли Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки ариза берувчига (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали электрон равишда юборади.
Давлат хизматлари маркази маълумотнома келиб тушгандан сўнг реал вақт режимида уни ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва ариза берувчини бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади. Давлат хизматлари маркази ариза берувчи ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда, ариза берувчининг сўровига кўра, унга маълумотномани электрон шаклда ёки қоғоз шаклда муҳрини босиб, масъул ходимнинг имзосини қўйиб бериши шарт.
А.Ихласов,
Хўжайли тумани Давлат хизматлари маркази бўлим бошлиғи.



