Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг кўп сонли аъзолари, қорақалпоқ адабиётининг таржимонлари ва мухлислари номидан атоқли жамоат арбоби, Ўзбекистон Республикаси Сенати аъзоси, Қорақалпоғистон Республикаси “Нуроний” жамғармаси раҳбари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Шароф Уснатдиновнинг вафотидан чуқур қайғурганимизни билдирамиз. Шароф Уснатдиновнинг кўп йиллик ибратли ижодий ва ижтимоий фаолияти ёш ўзбек ижодкорлари учун ҳам чинакам маънода адабиёт ва ҳаёт сабоқлари бўлган эди.
Шароф оғанинг бетакрор бадиий-публицистик мақолалари, ҳикоялари, эсселари ва романлари ҳали сиёҳи қуримасдан ўзбек тилига таржима қилинар, матбаа нашрларида чоп этилар ва адабий жамоатчиликнинг юксак эътирофига сазовор бўлар эди. Айниқса, ёзувчининг Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсуповнинг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи “Шоирнинг ёшлиги” романи (2014) устоз Абдулла Орипов томонидан юксак даражада эътироф этилган мақола “Жаҳон адабиёти” журналида чоп этилганини адабий жамоатчилик яхши билади. “Шоирнинг ёшлиги” китоби ўзбек тилида нашр этилиб, Шароф Уснатдинов Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Ватан учун яшайлик” танловининг совринли мукофотига сазовор бўлган эди. Ушбу муҳташам асарнинг иккинчи китоби – “Ибройим Юсупов” номли янги роман-эссе ҳозирда ўзбек тилига таржима қилинмоқда.
Унинг ўзбек ва қорақалпоқ халқлари адабиёти ва маънавияти ривожи йўлидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланиб, “Эл-юрт ҳурмати” ордени, “Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси”, “Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвонлари билан мукофотланган эди.
Атоқли жамоат арбоби ва таниқли адиб Шароф Уснатдиновнинг оила аъзолари, дўсти биродарлари ва яқинларига ҳамдардлик билдирамиз ва сабр-бардош тилаймиз. Бу улуғ зотни Худо раҳматига олган бўлсин.
Оғамизнинг хотираси қалбимизда яшайди.
Сирожиддин Саййид,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси.



