Эътибор ва ғамхўрлик ҳар бир инсонга куч-қувват беради


Инсон бошпанасиз яшай оладими? Бу саволга кўпчилик ҳақли равишда йўқ деб жавоб бериши тайин. Ахир, ўз уйинг, ўлан тўшагинг, оиланг, фарзандларинг билан кечадиган шодлигу, ширин ташвишларингга гувоҳ маскан, бу — сенинг ватан ичра кичик ватанинг саналади.

Хўжайлилик  Амангул Елиўбаеванинг ҳам дилидан шу каби ўйлар ўтгани аниқ. Хўжайли тумани, Амударё овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи А.Елиўбаева кўп йиллар давомида  сарсон саргардонликда кун кечирди. Ижарама-ижара юрган аёлнинг топгани рўзғору,  3 нафар фарзандидан ортмади. Бу ҳам камдек, битта боласининг ногиронлиги ёлғиз онани анча толиқтирди. Аммо, аёл иродасини букмади, ўз матонати, сабр-бардоши билан барча қийинчиликларни енгиб ўтди. Бугун ўша муштипар аёл ҳаётида ёруғ кунлар бошланди, эртанги кунга, яшашга бўлган ишончи ортди. Чунки, А.Елиўбаева юртимиздаги одил, инсонпарварлик сиёсати натижасида ўз уйига, бошпанасига эга бўлди. Бугун у ҳокимлик томонидан берилган 2 хонали уйда фарзандлари билан бахтли ҳаёт кечирмоқда. Мустақиллик байрами арафасида уй калитини туман ҳокимидан тантанали равишда қабул қилиб олган Амангул опанинг қувончи чексиз.

— Мен Давлатимиз раҳбари, туман ҳокими ва бошқа мутасаддилардан жуда миннатдорман. Юртимизда кам таъминланган, эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож кишилар доимо давлатимиз, ҳукуматимиз эътиборида. Айниқса, бугунги пандемия шароитида муҳтож оилаларга кўрсатилаётган хайр-саховат ёрдамлари ҳар битта кемтик кўнгилни обод қилиб, шукроналик ҳисси билан яшашга ундамоқда, — дейди А.Елиўбаева. 

Ҳа, туманда Амангул опага ўхшаб байрам арафасида янги уйга кўчиб ўтган яна иккита оила бор. Дарҳақиқат, бугун бу каби эзгу ислоҳотларни республикамизнинг ҳар бир ҳудудида кўраяпмиз, ҳис қилаяпмиз.

Қадим тарихга эга Хўжайли туманида бугунги кунда жуда катта ўзгаришлар, янгиланишлар ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Айниқса, энг улуғ, энг азиз байрамимиз-Мустақиллик куни арафасида жуда кўплаб иншоотларнинг фойдаланишга топширилиши туманнинг иқтисодий-ижтимоий салоҳияти юксалиб бораётганидан далолат беради. Айтиш жоизки,  Нукусдан Хўжайли туманига киришда туманнинг 2400 йиллик қадимий тарихини ўзида акс эттирган девор қад кўтарди. Бу эса ўз навбатида юртимизнинг тарихи, маданий мерослари, миллий қадриятларини дунёга танитиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида камол топтириш ҳамда туризмни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Эътиборлиси, бу каби қадимий қалъанинг гўзал ва кўркам қиёфасини ўзида акс эттирган ушбу девор туман ёшларининг лойиҳа ва ташаббуслари асосида бунёд этилди.    

Туманнинг “Водник” посёлка фуқаролар йиғинида бугунги кунда ижтимоий, маданий дам олиш объектлари, савдо шохобчалари аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда. Яқинда бу ерда яна битта йирик хизмат кўрсатиш комплекси ишга тушди. Тадбиркор С.Сабуров раҳбарлигидаги ушбу савдо комплексида либослар, озиқ овқат дўкони, гўзаллик салони, сартарошхона, хаммом фаолияти йўлга қўйилган. Бу ерда ишчиларнинг кўпчилиги ёшлардан иборат.

— Анчадан буён дўкон очишни режалаштириб қўйган эдим, — дейди тадбиркор С.Сабуров. — Банк кредити ҳамда ўз маблағим эвазига бунёд этилган ушбу савдо марказида маҳсулотларимиз сифатли ва арзон нархларда сотилмоқда. Бундан ҳудуд аҳолиси жуда мамнун. 

Дарҳақиқат, бугун уйда бекор ўтириш ҳеч кимга ярашмайди. Чунки, ишлаб, меҳнат қиламан, оила, жамият ривожига ҳисса қўшаман, деган инсонлар учун юртимизда жуда катта имкониятлар яратилган. Улардан мақсадли фойдаланиш эса фаровон ҳаётимизга замин яратади. Президентимиз ташаббуслари билан тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида тумандаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган 40 нафар хотин-қизларга тикув машиналари ҳамда нон пишириш печкалари топширилди. Бу эса уларнинг уйда ўтириб даромад топиш имконини беради.

Тумандаги  “Қирқинчи” маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси фойланишга топширилгани маҳалла тизимини янада ислоҳ қилиш, оилалар фаровонлигини таъминлаш, тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, ҳудудни янада ободонлаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, бу ерда нуроний отахону-онахонлар томонидан кутубхона ташкил этилгани барчани бирдек қувонтирди.

 Бугунги кунда юртимизда келажагимиз бўлган ёш авлод масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.Айниқса, бу борада фарзандларимизнинг билимли, баркамол, маънан ва жисмонан соғлом бўлиб камол топишларида мактабгача таълим муассасаларининг ўрни аҳамиятлидир. Туманда янгидан ташкил этилган “Колокольчик” замонавий болалар боғчасининг фойдаланишга топширилиши жажжи болакайларни ҳамда ота-оналарни беҳад хурсанд қилди.

Туманда бу каби янгиланишлар, бунёдкорликлар жуда кўп. Зеро, хўжайлиликлар ҳаётида ҳар бир кун янги мақсад ва марралар ила, обод манзиллар сари чорламоқда.      

Феруза Нуруллаева.