Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи барча юртдошларимизни, айниқса соҳа фидойиларини чексиз қувонтирди. Маълумки, сўнгги йилларда таълим тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилиб, соҳага янгича ёндашилмоқда. Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, мактаб таълимини ривожлантириш, соҳага илғор ахборот коммуникация технологияларни жорий этиш, замонавий инновацион ва ижод мактаблари фаолиятини йўлга қўйиш, ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, янги олий ўқув юртлари, дунёдаги етакчи университетларнинг филиалларини ташкил этиш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, бу борада ўнлаб муҳим фармон, қарор ва дастурларнинг қабул қилиниши аҳамиятлидир. Эндиликда “Онлайн мактаб”, “Рақамли ва хавфсиз мактаб”, “Электрон дарслик”, “Электрон кундалик” каби тизимлар фаолияти, халқ таълими ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашнинг янги тизимини жорий этиш, олий таълим даргоҳларининг профессор-ўқитувчиларига ипотека ва истеъмол кредитлари ажратиш, уларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш каби бир қатор масалаларда амалий чоралар кўрилади.




