Касбидан камол топаётган устоз


«Бугун ҳар бир ўқитувчи ва тарбиячи, олийгоҳ домласи таълим ва илм-фан соҳасидаги энг сўнгги ижобий янгиликларни ўқув жараёнларига татбиқ эта оладиган, чуқур билим ва дунёқараш эгаси, бир сўз билан айтганда, замонамиз ва жамиятимизнинг энг илғор вакиллари бўлишлари керак». Давлатимиз раҳбарининг ушбу таъкидлари барча ўқитувчилар қатори чимбойлик Тамара Палваниязовани ҳам руҳлантириб, касбига бўлган меҳри, садоқати, масъулиятини янада оширди. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг тарих-география факультетини тамомлаган қаҳрамонимиз 1996 йили Чимбой туманидаги 5 сонли мактабда ўқитувчи сифатида илк фаолияти бошлади.

Тамара Палваниязова мана саккиз йилдирки, мазкур умумтаълим мактабига  раҳбарлик қилиш баробарида, ўқувчиларга тарих ва ҳуқуқшунослик  фанидан дарс беради. У қарийб 25 йилдан буён  халқ таълими соҳасида самарали меҳнат қилиб келмоқда. Тажрибали ўқитувчи ўзининг  чуқур билими, изланувчанлиги ва ташаббускорлиги билан нафақат ўқувчи ёшларнинг балки  мактаб жамоасининг чексиз ҳурматига сазовор бўлган.

— Бу касбга болалигимдан қизиқиб, меҳр қўйганман,— дейди Т.Палваниязова. — Мана ниятим амалга ошиб, ўқитувчи, устоз деган шарафли номга эришдим. Ўқитувчи бўлиш, ўқувчиларга  ўз вақтида таълим-тарбия, билим  бериш осон иш эмас. Чунки, ота-она оқ-қорани,  яхши- ёмонни танимайдиган, ўқиш-ёзишни билмайдиган фарзандини, унинг келажагини, бутун ҳаётини ўқитувчи устозларга ишониб топширади. Ўқитувчининг берган билими, таълим-тарбияси натижасида фарзанд жамиятда ўз ўрнини топади, шахс сифатида шаклланади, комил инсон даражасига етади. Ана шу жараёнда ўқитувчининг йиллар давомида қилган меҳнати, касбига бўлган меҳри ва садоқати ўз ифодасини топади. Демоқчиманки, фарзанд таълим-тарбиясида, камолотида нафақат ота-она, балки ўқитувчи-устозларнинг ҳиссаси катта.

Тамара Палваниязова фаолияти давомида жуда кўплаб танловларда иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритган. Жумладан,  2006 йили ўтказилган «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» кўрик танловининг мамлакат босқичида ҳамда 2008 йилда ўтказилган «Энг фаол  маънавият тарғиботчиси» танловида совринли 3-ўринни қўлга киритган. “Йил аёли-2009” кўрик танловининг республика босқичида педагог аёл номинацияси ғолиби бўлган. 2013 йили А.Авлоний номидаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида ўтказилган “Янги давр раҳбари” танловида фахрли биринчи ўринни эгаллаган.

Унинг бир қатор шогирдлари билимлар беллашуви, фан олимпиадалари каби танловларда  республика, мамлакат ҳамда халқаро  миқёсида совриндор бўлиб келмоқда. Масалан, ўтган 2019 йилнинг август ойида Жанубий Африканинг Дурбан шаҳрида ўтказилган халқаро олимпиадада мактаб ўқувчиси Дамир Дилмуратов математика фанидан, бронза медали соҳиби бўлди.  Ўқувчининг меҳнатлари юқори баҳоланиб, Д.Дилмуратов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан “°мит ушқыны” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Шунингдек, мактаб ўқувчилари Бийбисара  Елмуратова ҳамда Элмира Сабирбаевалар совриндор бўлишди. Ўқувчиларнинг бу каби ютуқлари албатта, ўқитувчи меҳнати, мактаб жамоасининг бирдамлиги натижасидир. Қолаверса,  устоз-шогирд анъанасининг яхши йўлга қўйилганлиги, ўқувчидаги қизиқиш ва иштиёқ, тўпланган тажриба билим мана шундай ютуқ ва муваффақиятларга йўл очади.

— Бугунги кунда мактабимизда 918 нафар ўқувчи ёшларга 95 нафар педагог  ўқитувчилар таълим-тарбия бериб келмоқда. Мактабимизда ўқувчиларнинг пухта билим олишлари учун барча шароитлар яратилган. Жумладан,  замонавий типдаги 1 та компьютер (15 дона) хонаси, алоҳида  AHA-65 D русумли монитор, замонавий жиҳозларлар билан таъминланган физика, кимё-биология, меҳнат хоналари, “СЭНГДВИЧ” услубидаги спорт зали, 240 ўринга мўлжалланган мажлислар хонаси мавжуд. Жорий йилдан бошлаб тўлиқ интернет тармоғига уланганлиги мактаб жамоаси учун жуда катта қулайлик яратмоқда, — дейди суҳбатдошимиз.

Тамара Палваниязованинг хизматлари муносиб баҳоланиб, унга 2005 йилда  Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими аълочиси ва 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси кўкрак нишонлари топширилган. Шунингдек, ўтган йили 1-октябрь “Ўқитувчи  ва мураббийлар куни” байрами арафасида  Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан “Қорақалпоғистон Республикасида  хизмат кўрсатган  халқ таълими ходими” унвони билан мукофотланган.

Дарҳақиқат, мактабнинг ташкилий ишлари билан бирга  ҳар битта болага алоҳида меҳр, эътибор кўрсатиб келаётган Т.Палваниязованинг мақсади битта, яъни ёш авлодга тўғри таълим-тарбия бериш орқали жамият ривожига ҳисса қўшишдир. Биз Т.Палваниязовани ҳамда юртимиздаги барча ўқитувчи устозларни касб байрамлари билан табриклаймиз.

Ф.Нуруллаева.