МАКТАБ — МАЪНАВИЯТ БЕШИГИ


Барчамизга маълумки, Давлатимиз раҳбари президентлик фаолиятининг дастлабки кунларидан бошлаб юртимизда инновацион ва креатив фикрлайдиган, замонавий кадрлар тайёрлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида, юксак маънавият эгалари этиб тарбиялаш, шу мақсадда таълим тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Дарҳақиқат, жаҳондаги ривожланган давлатлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, уларда жамият ҳаётини ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар аввало таълим тизимидан, боғча, мактаб, тарбия масаласидан бошланганини кўрамиз. Президентимиз таъкидлаганидек, «Мактаб фақатгина таълим берадиган маскан эмас,барчамиз учун юксак маънавият бешигига, фарзандларимизни болаликдан бошлаб касбга ўргатувчи даргоҳга айланиши зарур».

 Бугунги кунда мактабимизда 124 нафар ўқувчи бўлиб, уларга 20 нафар ўқитувчи-педагоглар таълим-тарбия бериб келмоқда. Кам сонли жамоамизда  барча ўқитувчиларимиз “Аввало интизом, кейин натижа” деган доимий қоидага қатъий амал қилган ҳолда фаолият юритади.Бундай ижодий муҳитда ишлаш инсонга бир олам завқ беради. Бор билиминг ва тажрибангни, бутун куч-ғайратингни ўқувчи ёшлар таълим-тарбиясига сарфлайсан, ўз устингда бетиним ишлаб, юксак натижаларга эришиш учун ҳаракат қиласан. Ахир ўқитувчилик касбининг асл моҳияти ҳам болага тўғри таълим тарбия бериш, унинг камолоти, келажагига муносиб ҳисса қўшиш, эришган натижа ва ютуқларида кўринади.

Мактабимизда ана шундай касбидан камол топаётган, фидойи ўқитувчиларимиз жуда кўп.  Улар ҳар бир дарс машғулотларини замонавий инновацион ахборот  технологиялардан, методлардан фойдаланган ҳолда ўтади. Мана шундай имкониятлардан тўғри фойдаланган ўқувчиларимиз эса турли танлов ва мусобақаларда фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.  

Ўзим ўқитувчи бўлсам ҳам, ҳали ҳануз бизга таълим-тарбия берган устозларимизнинг фикрлари, маслаҳатлари билан иш тутамиз. Устозлар бизнинг ҳаётимиздаги йўлчи юлдузларимиз.Уларнинг меҳнати, касбига бўлган ҳурмати, садоқати туфайли ўсиб улғайиб камолга етганмиз. Миллат келажаги бўлган ёш авлод таълим тарбияси йўлида янада фидойилик, масъулият билан меҳнат қиламиз. Байрамингиз муборак бўлсин  азиз устозлар!

Азамат Қурбонбоев,

Амударё туманидаги 79-сонли умумтаълим мактаби директори.