Нукусда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 10 январдаги «2020 — 2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш
чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Давлат дастурининг Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълим вазирлигига қарашли умумтаълим мактабларида бажарилишига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси томонидан ташкил этилган тадбирда Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари, сиёсий партиялар, қурилиш ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.
Йиғилишни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси раиси Т.Романов кириш сўзи билан очди.
Шундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири А.Аяпов 2020-2021 ўқув йили учун умумтаълим мактабларини янгидан қуриш, реконструкциялаш ва таъмирлаш ишлари жараёни ҳақида ахборот берди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 10 январдаги “2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ишлаб чиқариш инфратузулмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида вазирликка қарашли 18 та объектдан биттасида янги қурилиш, 12 тасида реконструкция ва 5 тасида капитал таъмирлаш ишларини олиб бориш режалаштирилган. Бунинг учун 34 миллиард 469,2 миллион сўм маблағ ажратилиб, бугунги кунгача 33 миллиард 88,8 миллион сўмлик иш бажарилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 4 апрелдаги йиғилиши баёни асосида Оролбўйида жами 14 объектда, шундан, 6 та реконструкция, 8 та капитал таъмирлаш ишларини жорий йилнинг 1 ноябрига тўла якунлаш назарда тутилган.
Президентимизнинг 2019 йил 17 январдаги «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида жамоатчилик назорати асосида ҳар йилги режалаштирилган, шу жумладан, Давлат дастурида назарда тутилган ислоҳотларнинг амалга оширилишини тизимли мониторинг қилиш ва унинг натижалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таҳлилий ахборот ва таклифларни мунтазам киритиш “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг асосий вазифаси этиб белгиланди.
Шу асосида Ўзбекистон Республикаси “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунининг 6-моддасига мувофиқ жорий йилда Давлат дастурига киритилган ва топшириш муддати кечиктирилаётган Нукус шаҳар Халқ таълими бўлимига қарашли 26 ва 37, Тахиатош тумани Халқ таълими бўлимига қарашли 12 ва 13-умумтаълим мактабларининг бугунги ҳолати ўрганилиб, Халқ таълими ва қурилиш ташкилотлари раҳбарларининг бу борадаги ҳисоботи жамоатчилик эшитуви шаклида тингланди.
Юқорида қайд этилган мактабларда амалга оширилган реконструкция ишларининг сифати ва йўл қўйилган камчиликлар слайд орқали тадбир иштирокчиларига намойиш этилди. Тегишли соҳа раҳбарлари ушбу камчиликларнинг сабаблари ва уни бартараф этиш чора-тадбирлари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирди.
Ҳар қандай қурилиш бошланмасдан олдин ушбу ҳудуддаги фуқаролар йиғинлари раислари раҳбарлигида депутатлар, жамоатчилик вакиллари лойиҳалар билан яқиндан танишиб, қурувчилар билан мулоҳазалар ўтказилиб, топширилиш муддати ва режалари назоратга олиниб борилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Айрим жойларда жамоатчилик назорати йўлга қўйилмаганлиги сабаб, қурилиш ишлари сифатсиз, белгиланган муддатидан кечиктирилиб бажарилмоқда. Буни юқорида қайд этилган тўртта умумтаълим мактаби мисолида кўриш мумкин.
–Асосий мақсадимиз, Давлат дастурига киритилган ижтимоий соҳа объектларидаги қурилиш ишларининг бажарилишини жамоатчилик назорати асосида ўрганиш, шу орқали йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этишдан иборат, – дейди “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси раиси Тажибай Романов. – Келгусида бошқа соҳаларда ҳам мана шундай жамоатчилик эшитуви ҳар ойда икки маротаба ташкил этилади ва натижаси бўйича юқори турувчи органлар хабардор қилиб борилади.
Тадбирда камчиликларни бартараф этиш юзасидан вазифалар белгиланди.
Д.Абибуллаев,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги
шарҳловчиси.



