Давлатимиз раҳбарининг фармонига кўра кўп йиллик самарали меҳнати, юртимизда жамоат хавфсизлиги, халқимиз осойишталигини таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш, жиноятчиликка қарши курашиш тизимини такомиллаштириш борасидаги алоҳида хизматлари учун бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимлари мамлакатимизнинг орден ва медаллари билан мукофотланди.
Улар орасида Қўнғирот тумани Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси бошлиғи Аманбай Даўлетбаев ҳам бор. У «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.
Майор Аманбай Даўлетбаев тергов соҳасидаги кўп йиллик хизмати давомида ўзини масъулиятли, интизомли, етук мутахассис ва қобилиятли раҳбар сифатида намоён этиб келмоқда. Жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноят учун жазо муқаррарлигини таъминлаш, сифатли тергов қилишни амалга ошириш борасида бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда қатор ижобий натижаларга эришилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Қўнғирот ҳудуди жиҳатидан мамлакатимиздаги энг катта туманлардан ҳисобланади. Қаҳрамонимиз, пандемия тарқалиши муносабати билан карантин эълон қилинган дастлабки кунларданоқ ушбу йўналишда ташкил этилган идоралараро ишчи гуруҳ фаолиятида фаол иштирок этиб келмоқда. Жумладан, туман бўйича мингдан ортиқ беморнинг зарарланиш манбаларини тезкорлик билан аниқлаш, шунингдек мамлакатимизга хорижий давлатлардан келган фуқароларни кутиб олиниши ва тақсимланишида фаол иштирок этди.
Ички ишлар органларининг пандемияга қарши курашиш бўйича ҳисоботларини ва ҳужжатларни тайёрлаш борасидаги таҳлилий фаолиятини мувофиқлаштириб, тизимли равишда Махсус комиссияга ҳамда тезкор штабга ахборот тақдим этилишини таъминлаб келмоқда. Бу йўналишдаги ишларда майор Аманбай Даўлетбаев фидойилиги билан шахсий таркиб ҳамда раҳбариятнинг ҳурмат-эътиборини қозонмоқда.
– Бу фақат менга эмас, балки юрт тинчлиги, аҳоли осойишталиги йўлида хизмат қилаётган барча ҳамкасбларимга берилган юксак мукофот деб ҳисоблайман,– дейди «Шуҳрат» медали соҳиби, майор Аманбай Даўлетбаев. – Бунинг учун Президентимизга миннатдорлик билдираман. Ушбу мукофот менга ва мен билан бир сафда хизмат қилаётган шахсий таркибимизга янада масъулият юклайди. Чунки, турли минтақаларда ҳукм сураётган нотинч вазиятлар ҳар биримизни, шу жумладан, ички ишлар органлари ходимларини доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишга ундайди.
Давлатимиз раҳбарининг сана муносабати билан йўллаган байрам табриги Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги шахсий таркибини янада руҳлантирмоқда. Табрикдаги “Агар давлат таянадиган асосий устун қонун бўлса, унинг кучини амалда намоён этадиган энг самарали тизим бу – ички ишлар соҳаси, десак, айни ҳақиқат бўлади”, деган фикрлари мамлакатимизда жамоат хавфсизлиги, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасида хизмат қилаётган соҳа ходимларининг меҳнатига берилган юксак эътироф бўлди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида ички ишлар органлари фаолияти ҳам юксалиб бормоқда.
Д.АБИБУЛЛАЕВ,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.




