Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўнинчи сессияси тўғрисида ахборот


Шу йилнинг 28 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўнинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессия видеоконференцалоқа шаклида ўтказилиб, унда  Олий Мажлис Сенати ва ҳукумат аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, секторлар, соҳа раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Давлетов кириш сўзи билан очди ва олиб борди.

Депутатлар сессия Котибиятини сайлади ва кун тартибини тасдиқлади.

Сессия кун тартибидаги масала, давлатимиз раҳбарининг 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимда белгилаб берган вазифалари асосида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони лойиҳасини муҳокама қилишга бағишланди.

Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи ­Кенгеси қўмита раиси Д.Қурбаниязов, Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари М.Жуманов, Халқ таълими вазири А.Аяпов, 32-сонли “Қиличбой” сайлов округидан Жўқорғи Кенгес депутати С.Хожамуратовалар сўзга чиқиб, таълим соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва фармон лойиҳасида кўрсатилган вазифаларга батафсил тўхталиб ўтишди.   

Таъкидланганидек, республикамизда бугунги кунда 746 та таълим муассасалари жумладан, 727 та умумтаълим мактаблари, 1 та Меҳрибонлик уйи, 18 та “Баркамол авлод” болалар марказлари фаолият юритмоқда. Жорий ўқув йилида мактабларда жами 352 минг 476 нафар ўқувчилар таълим-тарбия олмоқда. Уларга 37 минг 310 нафар педагог ходимлар билим сирларини ўргатиб келмоқда.

Президентимиз ва ҳукуматимизнинг таълим соҳасига алоҳида эътибори натижасида таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида сўнгги йилларда кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.  Жумладан, 2019 йилнинг ўзида шу мақсадда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 136 миллиард 8 миллион сўм пул маблағлари ажратилди.

Жорий йилда 18 та умумтаълим мактабларида Инвес­тиция дастури асосида 34 миллиард 500 миллион сўмлик, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан 14 та мактабда 34 миллиард 600 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Шунингдек, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 23 та объектда 12 миллиард 400 миллион сўм миқдорида капитал ва қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Фармон лойиҳасида юртимизда таълим соҳасининг сифати ва самарадорлигини ошириш, мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, ўқувчилар ва талаба ёшларда замонавий билим ва кўникмаларни шакллантириш, таълим тизими ва илм-фан соҳаси ўртасидаги ҳамкорлик, интеграция, узликсиз таълимни таъминлаш бўйича вазифалар белгилаб берилган.

Айниқса, ўқитувчиларнинг жамиятда тутган ўрни ва нуфузини ошириш, шунингдек, бутун дунё миқёсида соғлом, рақобатбардош ёшларни тарбиялаш, миллий таълим дастурини яратиш, дарслик ва ўқув қўлланмаларини замон талабларига хос такомиллаштириш, уларнинг янги авлодини шакллантириш ишлари амалга  оширилиши лозим.  

Фармон лойиҳасида назарда тутилганидек таълим соҳаси хизматларини кўрсатиш бўйича хусусий сектор улушини кенгайтириш, ҳудудларда нодавлат муассасаларини ташкил этиш орқали рақобат муҳитини шакллантириш, соҳада давлат хусусий шерикликни ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратиш ушбу соҳада янги хизмат кўрсатиш тармоқларининг ривожланишига олиб келади.  

Фармон лойиҳасида белгиланган вазифалар маҳаллий  Кенгашлар сессияларида ва таълим муассасаларида кенг муҳокама қилиниб, 400 дан ортиқ таклифлар келиб тушган. Улар фармон лойиҳасини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Сессияда фармон лойиҳаси атрофлича муҳокама қилиниб, иштирокчилар томонидан фикр-таклифлар билдирилди ва тегишли қарор қабул қилинди.

А.Жиемуратов, 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.