Мамлакатимизда янги Ўзбекистоннинг янги тарихини яратиш, моддий ва номоддий маданий мерос дурдоналарини сақлаш ва тарғиб этиш, халқ оғзаки ижодиёти ва ҳаваскорлик санъатини янада оммалаштириш, юртимизнинг жаҳон маданий маконига фаол интеграциялашувини таъминлаш, маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ота-боболаримиздан бизга мерос бўлиб келаётган миллий қадриятларимиз, бой тарихимизни келгуси авлодларга етказиш, бу орқали уларда она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини шакллантириш бугунги кунда барчамизнинг масъулиятли вазифаларимиздан биридир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада амалга оширилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқиш имкониятини яратди.
Ушбу фармон ва қарорда белгиланган аксарият вазифалар партиямиз ғоя ва мақсадларига ҳамоҳанглиги билан аҳамиятлидир. Хусусан, Президент қарорига кўра эндиликда Маданий мерос илмий-тадқиқот институтининг ташкил этилиши, шунингдек, институтга қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилган ҳолда, архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини яратиш, геодезия ва картография фаолияти, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир фаолият турларини тегишли лицензияларни олмасдан амалга ошириш ҳуқуқи берилганлиги аждодларимиздан бизга етиб келган бой тарихий маданий мерос объектлари, археология ва монументал санъат ёдгорликларини келажак авлод учун соф ҳолида сақлаб қолишда муҳим аҳамият касб этади.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги археологик ёдгорликларни ўрганиш тарихимиз учун янги саҳифалар очиб қўймасдан, тарихимизни дунёга намоён этишда муҳим аҳамият касб этади.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 288 та маданий мерос объектлари рўйхатга олинган бўлиб, буларнинг барчаси тарихимизни чуқур ўрганиш, келажак авлодларга етказиш ҳамда ота-боболаримизнинг барҳаёт ишларини ёшлар онгига сингдириш мақсадида амалга оширилаётган қадамлардан бири бўлиб ҳисобланади.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Сайловолди Платформасида юртимизда мавжуд маданий мерос объектларини асраб-авайлаш, Ўзбекистон шаҳарларининг тарихий қиёфасини сақлаб қолиш борасида самарали чора-тадбирларни амалга ошириш асосий вазифалар этиб белгиланган. Бу борада ўтган давр ичида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, 2018 йилда партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши, шаҳар-туман кенгашлари ҳамда партиямиздан сайланган депутатлар, соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳлари ташкил қилиниб, Қорақалпоғистондаги барча маданий мерос объектларининг ҳозирги ҳолати ўрганиб чиқилди.
Ушбу ўрганишлар давомида ҳудуддаги мавжуд моддий маданий мерос объектларга оид тарихий маълумотлар ўрганилиб, фото расмлари йиғилиб, альбом тайёрланди.
Шунингдек, Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари сессияларига партиямиздан сайланган депутатлар томонидан маданий мерос объектларининг сақланиши ва улардан фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида масалалар киритилиб, ўрганиш давомида аниқланган камчиликларни бартараф қилиш тўғрисида тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди.
Жумладан, ўрганиш давомида Чимбой туманида жойлашган қорақалпоқ халқининг машҳур фольклор қаҳрамони Ўмирбек лаққи ҳайкали атрофини ободонлаштириш ҳамда ҳайкал қайта таъмирга муҳтож эканлиги аниқланган эди. Ушбу муаммо Халқ депутатлари Чимбой туман Кенгаши сессиясига киритилганидан сўнг, ҳал этилди.
Партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ва Жўқорғи Кенгесдаги фракцияси ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми йиғилиши кун тартибига “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш улардан фойдаланиш ҳолатини ўрганиб чиқиш ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф қилиш тўғрисида”ги масала киритилди ҳамда Президиум қарори билан тегишли мутасаддиларга зарур топшириқлар берилди ва муаммоларни бартараф қилиш ишлари амалга оширилди.
Шунингдек Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ва Ўзбекистон Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими томонидан “18 апрель – Халқаро ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш куни” куни муносабати билан «Моддий маданий, археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни такомиллаштириш масалалари” мавзусида илмий-амалий конференция ташкил қилинди.
Мазкур конференция материаллари тўпланиб, китоб ҳолида нашр қилинди.
Юртимизда туризмни ривожлантириш орқали иқтисодиётимизни янада юксалтириш, соҳада амалга ошириладиган ишларни янги босқичга кўтариш давлат аҳамияти даражасига кўтарилмоқда.
Ўзбекистоннинг тарихий ва бой маданий меросларининг халқаро миқёсда тан олинишига эришиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги объектларни “Саҳродаги қўрғонлар” номи билан ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритиш чораларини кўриш белгиланган бўлиб, ҳусусан, Хўжайли туманидаги “Миздахкан” мажмуаси, Амударё туманидаги “Чилпиқ” археологик объекти, Элликқалъа туманидаги “Аёз қалъа”, “Гулдирсин қалъа”, Тўрткўл туманидаги “Жамбас қала” археологик объекти, Қораўзак туманидаги “Жампық қалъа” археологик объектлари шулар жумласидандир.
Шунингдек, 2017 йил 15-16 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистонга ташрифидан сўнг Мўйноқ туманидаги “Ҳаким ота” (Сулайман Бақырғаний) мажмуасида қурилиш ишлари, Элликқалъа туманидаги “Тупроққалъа”, “Катта Гулдурсун” археологик объектларида консервация ишлари амалга оширилди.
Хулоса қилиб айтганда, миллий меросларимиз, қадриятларимиз, моддий маданий мерос объектлари, тарихимиз – неча асрлардан буён авлоддан-авлодга ўтиб келаётган маънавий бойликларимиздир. Уларни нафақат асраб-авайлаш, балки илмий жиҳатдан ўрганиш, бугунгидек шиддатли замонда уларни кейинги авлодлар учун етказиш нафақат партиямизнинг, балки ҳар биримизнинг энг олий вазифамиз бўлиши керак.
Тажибай Романов,
ЎзМТДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси,
Жўқорғи Кенгесдаги ЎзМТДП фракцияси раҳбари.




