Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан қайта ташкил этилган чорвачиликка ихтисоcлаштирилган Бўзатов туманида ўтган қисқа вақт ичида бир қатор янги объектлар бўй тиклаб, халқимиз манфаати йўлида хизмат қилмоқда. Ўтган шанба куни яна бир қатор янги биноларнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Дастлаб, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази туман бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов, Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири У.Сабуров, туман ҳокими М.Қайпановлар сўзга чиқиб, Президентимизнинг ташаббуси билан республикамизда, жумладан, Бўзатов туманида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида тўхталиб ўтди ва йиғилганларни янги бинонинг фойдаланишга топширилиши билан табриклади.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, ишсиз фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жами 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ҳисобидан қуриб битказилган янги бинода ишчи-ходимлар учун барча шароитлар яратилган. Бу ерга мурожаат қилиб келган фуқароларнинг мутахассислиги бўйича ишга жойлашуви, мавсумий иш билан таъминланиши, чет элллардаги иш ўринлари бўйича маълумотлар олиши учун замонавий технологиялар билан таъминланган. Туман аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашиш маркази директори Б.Жанабаев маълум қилганидек, туманда бугунги кунда 1259 нафар ишсиз фуқаро бўлиб, уларнинг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, “Темир дафтар”га киритилган фуқароларнинг ўзини-ўзи банд қилиш мақсадида субсидиялар ажратилмоқда. Бугунги кунда мана шундай субсидиялар ҳисобидан 82 нафар фуқарога иссиқхоналар қуриб берилган бўлса, 12 нафар фуқаро суғориш насоси билан таъминланди.
Тадбирда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик ишларини ташкил этиш жамғармаси ҳисобидан дамас автомашинаси совға қилинди. Иштирокчилар янги бинода яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар. Шу куни туманда Давлат хизматлари марказининг янги биноси ҳам фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов, Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи А.Артиқов, туман ҳокими М.Қайпановлар сўзга чиқиб, Президентимиз раҳбарлигида давлат хизматлари марказлари фаолиятини такомиллаштириш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар турини кўпайтириш, уларга тез ва сифатли хизмат кўрсатиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталиб ўтишди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 февралдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида”ги қарори асосида барча шаҳар ва туманларда давлат хизматлари маркази биноларини қуриш режалари тасдиқланди. Бугунги кунгача саккизта туманда шундай бинолар фойдаланишга топширилган бўлса, яқин орада давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва Шўманой тумани Давлат хизматлари марказининг янги бинолари фойдаланишга топширилади. Туман марказидаги миллийлик ва замонавийликни ўзида мужассам этган кўркам бинони Нукус шаҳридаги “Бахт Миратдин қурилиш” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари сифатли қилиб фойдаланишга топширди. Марказда электрон навбат тизими жорий этилган бўлиб, давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги сўнгги янгиликлар, давлат хизматларини кўрсатиш тартиби ҳақида роликлар монитор орқали намойиш этиб борилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тумандаги Халқ қабулхонаси, бош вазирнинг Тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси, нотариус, адлия ва ФҲДЁ бўлимлари ҳам ушбу бинога жойлашган. Бу фуқароларнинг қимматли вақтлари ва маблағлари тежалишига, эҳтиёжларининг бир жойда ҳал этилишига хизмат қилади.
— Янги бино аҳолига тез, сифатли ва шаффоф хизмат кўрсатиш имконини беради, — дейди Бўзатов туман Давлат хизматлари маркази раҳбари М.Худайбергенов. — Ўзига хос, замон талабига жавоб берадиган марказ зарур ускуналар билан таъминланган. Бу ерда кунига 300 та жисмоний ва юридик шахсларга 140 дан ортиқ давлат хизматларини кўрсатиш имкониятлари яратилди.
Шу куннинг ўзида фойдаланишга топширилган туман ФҲДЁ бўлимида дастлабки 2 та никоҳ қайд этилди. Оила қурган ёшларга бахтли ҳаёт тилаб, никоҳ гувоҳномаси тантанали равишда топширилди.
Туман молия бўлимининг янги биноси ҳам фойдаланишга топширилди. Умумий баҳоси 4 миллиард 200 миллион сўм бўлган бу бинода ишчи ходимлар учун барча шароитлар яратилган.
Бўзатов қорақалпоқ халқининг буюк шоири Бердақ арғабай ўғлининг туғилиб ўсган юртидир. Туман марказидаги шоирнинг номи билан аталадиган боғ сўнгги йилларда қаровсиз қолган эди. Бўзатов тумани очилган кунлардан бошлаб бу ерда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди. Шу куни Бердақ боғининг ва шоир бюстининг очилиш маросими бўлди.
Тадбирда атоқли ёзувчи шоирлар, маданият ходимлари, туман жамоатчилиги ва ёшлар қатнашди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов, туман ҳокими М.Қайпановлар йиғилганларни Бердақ боғининг очилиши билан қутлади. Мактаб ўқувчилари шоир шеърларидан ўқиди.
Тадбир иштирокчилари шоир бюсти пойига гулчамбарлар қўйди.
— Табиати ўзгача, файзли жойда жойлашган бу боғ нафақат туман аҳолиси балки, меҳмонларнинг ҳам севимли дам олиш масканига айланади, — дейди республика маънавият маркази Бўзатов тумани бўлими бошлиғи Қулмурат Жиемуратов. — Келажакда ёзувчи шоирлар билан биргаликда Бердақ кунлари, шеърият кечалари, маънавият сабоқлари, ёш адабиёт ихлосмандлари орасида танловлар ва бошқа тадбирлар ўтказилиши назарда тутилмоқда.
Шу куни фойдаланишга топширилган бинолар туман аҳолисининг турмуш шароитини янада яхшилашга, уларнинг кундалик эҳтиёжларини қаноатлантиришга шу орқали ҳаётидан рози бўлиб яшашларига хизмат қилади.
Д.Абибуллаев,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.




