И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейида рус рассоми Рувим Мазель таваллудининг 130 йиллигига бағишланган “Саҳро сўзлайди” мавзусидаги кўргазма ташкил этилди.
Кўргазмада муаллифнинг музей фондида сақланаётган юздан зиёд асарлари ўрин олган.
— Рассом Рувим Мазель 1930-1950 йилларда Қорақалпоғистон, Доғистон ва Туркманистонда ўтказилган экспедицияларда қатнашган. У Туркманистонда яшаб, ўша ерда бир қатор асарлар яратган. Унинг асарлари И.В.Савицкий томонидан музейга келтирилган. Рассом асарларида халқимизнинг турмуш-тарзи, анъана ва урф-одатлари ўз аксини топган, — дейди Ўзбекистон санъат академияси Қорақалпоғистон бўлими бошлиғи, санъатшунос Улбўсин Утегенова. — Унинг “Нукус, Бозор”, “От-арава, Чимбой”, “Қорақалпоқ аёллари” асарларида қорақалпоқ ҳаёти, миллий қадрият ва маданияти тасвирланган.
Кўргазмада рассомнинг “Саҳро сўзлайди”, “Гилам атрофида”, “Али бобо”, “Эринчоқ бой”, “Икки бола ҳақида” китобларига ишланган иллюстрациялари ўрин олган.
