“Энг китобхон мактаб” танлови ғолиблари тақдирланди


Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида “Энг китобхон мактаб” танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир ўтказилди. Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов очиб берди ва Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда бугунги кунда ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, уларни комил инсон қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан бир қатор қарор ва фармонларнинг қабул қилингани, мамлакатимизда амалга оширилаётган 5 муҳим ташаббуснинг бири – китобхонликни ривожлантириш бўйича қатор ишлар амалга оширилаётгани, китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида китоб ярмаркалари, танловлар мунтазам ташкил этилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда.

Республикамизда ўтказилган “Энг китобхон мактаб” лойиҳаси ҳам ана шундай эзгу ишлардандир.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Ички ишлар вазирликлари, “Китоб маркази” – “Китоб дунёси” тармоқ савдо марказлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан “Энг китобхон мактаб” лойиҳасининг Қорақалпоғистонда ўтказилган тадбирларида республикамиздаги 721 мактаб, 350 мингдан ортиқ ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди. Лойиҳа ташкилотчилари энг чекка ҳудудгача бориб, қорақалпоқ ва ўзбек тилларидаги 1500 номдаги 200 мингдан зиёд болалар адабиёти, бадиий асарларни ўқувчиларга етказиб берди.

“Энг китобхон мактаб” танловида Шўманой тумани Халқ таълими бўлими – “Энг китобхон туман” номинациясида ғолиб бўлиб, “Нексия-3” автомобили, Тўрткўл туманидаги 68-мактаб, Нукус шаҳридаги 37-мактаб жамоалари “Энг китобхон мактаб” номинациясида ғолиб бўлиб, ҳар бири “Спарк” автомобили билан тақдирланди.

Шунингдек, танловда “Энг китобхон ўқувчи”, “Энг фаол кутубхоначи”, “Энг китобхон мактаб директори”, “Энг фаол ОАВ ходими” сингари бир қатор номинация ғолибларига диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.  Нукус шаҳридаги 37-сонли мактабга 140 ўринга мўлжалланган қўшимча бино қуриб берганлиги учун Б.Утемуратов Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан “Таълим ҳомийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати.

М.Ҳабибуллаев олган сурат.