Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси бўйича меҳнат инспекторлари томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ билан ҳамкорликда санитария қоида ва меъёрларига доимий амал қилган ҳолда қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўтган вақт мобайнида белгиланган тавсиялар асосида, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фаолиятига рухсат берилган қурилиш, ишлаб чиқариш ва савдо объектларида карантин қоидаларига риоя қилиниши устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш мақсадида 276 та корхона ва ташкилотда ўрганишлар ўтказилди ҳамда тушунтириш ишлари олиб борилди.
Қорақалпоғистон Республикасида коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишига қарши курашиш тадбирларида иштирок этаётган 56 та даволаш-профилактика ташкилотининг 3767 нафар тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларига махсус қўшимча рағбатлантириш тўловлари тўланиши устидан касаба уюшмаси томонидан жамоатчилик назорати ўрнатилди. Натижада 18 та даволаш-профилактика ташкилоти раҳбарига (иш берувчига) кўрсатма киритилиб, 242 нафар ходимга 1 миллиард 303,2 миллион сўм тўлаб берилди.
2020 йил сентябрь-октябрь ойларида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги 2 та кластер, 76 та фермер хўжалиги, 17 та маҳалла ва 15 та корхонада ўрганишлар ўтказилиб, аниқланган 367 та камчилик ҳамда қонун бузилиш ҳолати бартараф этилди. 390 нафар фуқаролар билан суҳбат, 32 та тарғибот-ташвиқот тадбири ўтказилди.
Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан иш берувчиларга 4 та кўрсатма киритилди ва 34 миллион 332 минг сўм терим пули ундириб берилди.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жойлашган Қўнғирот тумани “Устюрт қидирув бурғулаш бошқармаси” МЧЖ, Нукус шаҳри “HUDUDGAZ QORAQALPOG’ISTON” газ таъминоти филиали, “Тахиатош нефт базаси” МЧЖнинг Чимбой, Тўрткўл, Элликқалъа, Қаратаў филиаллари, жами 6 та корхонада жамоатчилик назорати ўтказилди.
Аниқланган 71 та камчилик ва қонун бузилиш ҳолати юзасидан иш берувчиларга 19 та кўрсатма киритилди ва камчиликлар бартараф этилди. Шундан “Устюрт қидирув бурғулаш бошқармаси” МЧЖнинг 916 нафар ходимига қўшимча таътиллари учун 285,8 миллион сўм, “Тахиатош нефт базаси” МЧЖнинг Тўрткўл филиалининг 93 нафар ходимига 9,8 миллион сўм пули ундириб берилди.
Касаба уюшмаси аъзоларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида 29 нафар фуқаронинг ёзма мурожаати ўрганилиб, уларнинг манфаатини кўзлаб иш берувчиларга 12 та тақдимнома ва кўрсатмалар, фуқаролик ишлари буйича судларга 9 та даъво ариза киритилди. Шундан, 3 та тақдимнома тўлиқ, 2 та тақдимнома қисман, 6 та даъво аризаси қаноатлантирилди.
Жами 11 нафар фуқаронинг бузилган ҳукуқлари тикланиб, уларга иш ҳақи ва етказилган 96 миллион сўм маънавий зарар ундирилди. 10 та мурожаат эгасига қонунчилик талаблари тушунтирилди.
Фуқароларнинг мурожатлари ва илтимослари, меҳнат ҳуқуқ инспекторининг ўз ташаббуси билан 34 нафар ходим (касаба уюшма аъзолари)нинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида судларда иштирок этиб, жами 28 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Уларга иш ҳақи ва етказилган 186,3 миллион сўм маънавий зарар ундирилишига эришилди
П.ТУРСИНОВ,
Б.УТЕПБЕРГЕНОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси бўйича меҳнат инспекторлари.



