Бокс бўйича қизлар чемпионати


Нукусда бокс бўйича илк маротаба қизлар ўртасида Қорақалпоғистон Республикаси чемпионати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон бокс федерацияси Қорақалпоғистон бўлими томонидан  Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги  билан ҳамкорликда ташкил этилган мусобақада 2003-2004, 2005-2006, 2007-2008 йилларда туғилган ва 18 ёшдан катта қизлар иштирок этди. Қизғин ва муросасиз курашларга бой тарзда кечган мусобақада ғолиблар аниқланди.  

 Нукус шаҳридан Гулойим Бекмуратова «Мусобақанинг энг яхши спортчиси» номинацияси ғолиби деб топилди.

Илк маротаба Қорақалпоғистон Республикаси чемпионатининг ўтказилгани Нукус шаҳри ва туманларда қизлар ўртасида бокснинг ривожланиб бораётганини кўрсатади. Энди боксчи қизлар жорий йилнинг март ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон чемпионатига тайёргарлик кўради.  

Мусобақа ғолиб ва совриндорларига ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.