Яширин цех фаолияти фош этилди


Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан “Нукус вино заводи” акциядорлик жамиятининг мурожаатига асосан ўтказилган тезкор  тадбир давомида яширин цехда қўлбола усулда спиртли ичимликлар ишлаб чиқарилаётгани маълум бўлди.

Фуқаролар – С.Х. ва Қ.Д. қалбаки акциз маркалар билан елимланган, 0,5 литр сиғимдаги 300 дона қўлбола усулда қадоқланган “Қаратау” ёрлиқли алкоголь маҳсулотини харидорга 4,6 миллион сўмга сотаётган вақтида ушланди. Ушбу маҳсулотлар фуқаро Қ.Д.нинг уйида ташкил этилган “яширин цех”да тайёрлангани аниқланди. Унинг яшаш манзилидан яна 107 дона қўлбола усулда тайёрланган алкоголь маҳсулоти, уларни ишлаб чиқаришда фойдаланилган асбоб-ускуна ва бошқа товарлар ашёвий далил сифатида олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан С.Х. ва Қ.Д.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.