Ўтган 2020 йил давомида бутун дунёдаги пандемия ҳолати барча соҳаларнинг иш фаолиятига салбий таъсирини ўтказди. Шундай синовли кунларга қарамасдан Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан жамиятимизнинг барча жабҳаларида қонунчилик талабларига амал қилиниш ҳолати, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаатларнинг ҳал этилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, ўтган йилда жами 302 та ҳолатда тадбиркорлик субъектлари фаолиятига бўлган тўсқинлик аниқланиб, тегишли тартибда муносабат билдирилди ва уларнинг ҳуқуқлари тикланишига эришилди. Шунингдек, жами 1531 та тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Бундан ташқари, Президентимиз томонидан 2020 йил 20 августда ўтказилган видеоселектор йиғилишида прокуратура органларига пандемия шароитида маҳаллий тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни реализация қилишда амалий ёрдам кўрсатиш бўйича вазифалар юклатилган эди. Айни бу борада ҳам Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан қатор ижобий ишлар амалга оширилди.
Жумладан, “AMUDARYOTEX” МЧЖнинг коронавирус пандемияси даврида ўрнатилган карантин чекловлари натижасида омборхоналарда сақланиб қолган 5 млрд. 54 млн. сўмлик ип-калава маҳсулотлари Хитой Халқ Республикаси ва Покистон Республикасига экспорт қилиниши таъминланди.
Нукус шаҳрида фаолият кўрсатувчи “Нукус мед тех” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган ва омборда сақланаётган 2 млрд. сўмлик тиббий буюм маҳсулотлари тиббий техника экспертизадан ўтказиш зарурлиги боис савдодан тўхтатиб турганлиги аниқланди.
Ушбу буюмларга мувофиқлик сертификатини олишда берилган амалий ёрдам натижасида тиббий буюмлар маҳаллий бозорларда сотилишига эришилди.
Бундан ташқари, 2020 йил давомида фаолиятини тўхтатган жами 647 та тадбиркорлик субъектлари фаолияти қайта тикланиб, 526 та тадбиркорлик субъектлари янгидан ташкил этилди. Натижада 1563 та янги иш ўринлари яратилди.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ўтказилган назорат тадбирларида, Элликқалъа тумани ДСИ катта инспектори С.Ж, солиқ инспектори Ж.Р, шўъба бошлиғи П.Жлар томонидан 2020 йил 4 февралда Элликқалъа тумани “Тупроққалъа” МФЙ ҳудудида озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари билан чакана савдо қилиш фаолияти билан шуғулланувчи якка тадбиркор А.Ю нинг савдо дўконида алкогол маҳсулотлари сотиш ҳолати бўйича текшириш ўтказилиб, натижада тадбиркорга тегишли 2 млн. 440 минг сўмлик алкогол маҳсулотлари олиниб, тадбиркор А.Ю ва унинг турмуш ўртоғи Д.Сга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилган.
Юқоридаги ҳолат бўйича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тегишли фармонининг 2-иловаси 1-банди талабига зид равишда ноқонуний турда тадбиркорлик фаолиятини текширганлиги учун, Элликқалъа тумани ДСИ катта инспектори С.Ж, солиқ инспектори Ж.Р, шўъба бошлиғи П.Жларнинг ҳаракатларига нисбатан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан маъмурий иш қўзғатилиб, қонуний чора кўрилиши таъминланди.
Албатта, жорий йилда ҳам прокуратура органлари томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятини янада ривожлантириш учун имконият яратиш ишлари давом этмоқда.
Сардорбек Якубов,
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси бўлим бошлиғи.



