Келажакка бугундан назар


Бугунги кунда “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғоя  асосида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ёш авлод таълим –тарбияси, уларнинг жисмоний ва маънавий соғлом, ватанпарвар инсонлар бўлиб улғайишида албатта, оила, қолаверса мактабгача таълим ташкилотлари муҳим ўрин тутади. Боланинг ақлий фаоллиги, ахлоқий-эстетик ва жисмоний хислатлари айнан боғчада шаклланади. Шу боис, боғча ёшидаги ҳар бир болани ушбу таълим йўналиши билан тўлиқ қамраб олиш чоралари кўрилмоқда.

Қўнғирот туманида ҳам бу борада самарали ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 10 январдаги “2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий­ ва ишлаб чиқариш инфратузулмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида  тумандаги 25-сонли мактабгача таълим ташкилоти  қайта реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Мазкур боғча аслида  1969 йилда қурилган бўлиб, фойдаланишга яроқсиз ҳолатга келиб қолган эди. Бугунги кунда Навоий маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 3-7 ёшли болалар сони 246 нафарни ташкил этади. Ҳозирда боғчада 240 нафар ўғил-қизлар таълим-тарбия олмоқда. Уларнинг ҳар томонлама соғлом, баркамол, ақлий ва маънавий шаклланишида  давлатимиз томонидан яратиб берилган шароитлар билан бир қаторда жонкуяр, талабчан ва фидойи тарбиячиларнинг ҳам ўрни алоҳида бўлмоқда. Мазкур боғча қурилиши учун 6 млрд. 274,9 млн. сўм маблағ ажратилган бўлиб, қурилиш ишлари “Шўрахон қурилиш монтаж” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилган.

— Бугун болажонларимиз янги, замонавий, ихчам бинода таълим-тарбия олаётганидан жуда хурсанд. Бундан ота-оналарнинг ҳам қувончи чексиз. Ҳар бир тарбиячимиз ўз касбини чуқур англаган ҳолда ишга масъулият билан ёндашмоқда. Эртага ўғил-қизларимиз юртимизга таянч, камарбаста бўлиши учун бугундан уларга тўғри таълим-тарбия, йўл-йўриқ кўрсатишимиз лозим, — дейди мактабгача таълим ташкилоти мудираси Минайим Ережепова. 

Президентимизнинг юқорида келтирилган қарори асосида тумандаги  “Ўрнек” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги 18-сонли мактабгача таълим ­ташкилоти ҳам қайта ­реконструкция қилинди. Шунингдек, бу ерда қўшимча ошхона биноси қурилиб, янги жиҳоз ва инвентарлар билан таъминланган. Бугунги кунда ҳудудда мактабгача бўлган ёшдаги ўғил-қизлар сони 483 нафар бўлиб, ҳозирда ташкилотда 180 нафар бола таълим-тарбия олмоқда. Санъат, тил ва нутқ, математика, табиат, сюжет-ролли ўйинлар каби кўпгина тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Бу каби тўгараклар боланинг ижодий, ақлий, жисмоний ривожланиши, яъни, нутқ, мулоқот, ўқиш ва ёзиш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади.

Боғча тумандаги намунали таълим ташкилотларидан. Бу ерда тарбияланувчилар турли хил танловларда фаол иштирок этиб келмоқда. Шунингдек, тарбиячилардан Г.Сарибаева пандемия шароитида машғулотларни онлайн олиб боргани учун  мактабгача таълим вазирлиги туман бўлими томонидан фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. “Онлайн-ижодкор тарбиячи” танловида Т.Менглибаева 3 ўринни, спорт мусобақасида М.Қидирбаева 3 ўринни эгаллади. Шунингдек, 8 март — Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан З.Асемова ҳамда Д.Алламуратовалар фахрий ёрлиқ билан тақдирланишди. 

— Боғчамизда болажонлар учун барча шароитлар яратилган, — дейди мактабгача таълим ташкилоти мудираси Зухра Асемова. — Бугун тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Айниқса, энг чекка ҳудудлардаги болаларни ҳам боғчага қамраб олиш борасида кўрилаётган чоралар юртимизда ҳар бир боланинг давлатимиз эътиборида, ғамхўрлигида эканлигидан дарак беради.

Мазкур боғча қурилиши «KUNGRAD STROY INVEST XOLDING” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилиб, бунга 3 млрд. 28,8 млн. сўм маблағ йўналтирилган. 

Дарҳақиқат, Ватанимиз келажаги, истиқболи ёш авлоднинг бугунги таълим-тарбияси, билими билан чамбарчас боғлиқ. Яқинда Президентимизнинг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорда ҳам тизимга оид бир қатор вазифалар белгилаб берилган. Жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг фарзандларини мактабгача таълим ташкилотларига имтиёзли рўйхатга киритиш орқали қабул қилиш, боқувчисини йўқотган аёлларга фарзандини мактабгача таълим ташкилотлари, шу жумладан оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларига бериш харажатларини бюджетдан қоплаш, мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини янада кенгайтириш, мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлмаган маҳаллаларда мактабгача таълим билан қамраб олинмаган болалар рўйхатини шакллантириш, 2021 йил якунига қадар мактабгача таълимга эҳтиёж мавжуд бўлган маҳаллаларда, шу жумладан қишлоқ жойларида мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини ташкил қилиш ва уларни зарур моддий-техника воситалари билан таъминлаш чоралари амалга оширилади.

Бу каби ислоҳотларнинг амалга оширилиши юртимизда ёш авлоднинг бахтли келажагига замин яратади. 

Феруза Нуруллаева.