АМИР ТЕМУР СИЙМОСИГА ЭҲТИРОМ


Шимоли-ғарбий ҳарбий округи қўшинлари қўмондонлиги ташаббуси билан буюк саркарда, марказлашган давлат асосчиси Амир Темур таваллудининг

685 йиллигига бағишланган тадбир очиқ осмон остида ўтказилди.

Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округи матбуот хизмати ЎзАга хабар берди. Буюк аждодимиз Амир Темур ибн амир Тарағай 1336 йил 9 апрелда Кеш (Шаҳрисабз)нинг Хўжа Илғор қишлоғида дунёга келган. Унинг отаси амир Муҳаммад Тарағай барлос улусига мансуб беклардан, баҳодир жангчи, уламою фузалога ихлосманд, илм аҳлига ҳомий ва иштиёқманд киши бўлган.

Манбаларда Амир Темурнинг ёшлиги ҳақида маълумотлар кам учрайди. У ёшлигида хат-савод чиқариб, ўз даврининг тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, меъморчилик ва тарих илмларини ўргангани айтилади. Амир Темур билан суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлган буюк араб файласуфи Ибн Халдун жаҳонгир турк, араб, форс халқлари тарихини, диний, дунёвий ва фалсафий билимларнинг мураккаб жиҳатларигача яхши ўзлаштирганини таъкидлайди.

Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази биноси олдида ўтказилган тадбирда Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театри актёрлари томонидан Амир Темур образи моҳирона гавдалантирилиб, ўша даврнинг қизиқарли эпизоди намойиш этилди.

Яқиндагина муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарлар, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари жам бўлган майдонга Амир Темурнинг отлиқ саркардалари билан кириб келиши иштирокчиларни ҳайратга солди. Санъаткорлар томонидан моҳирона ижро этилган ҳар қандай спектакль албатта, томошабинларнинг қалбидан чуқур жой олиши табиий. Театр актёри Фозилбек Тўлагенов томонидан ижро этилган ролда буюк шахс феъл атворидаги қатъият, жасурлик ва мардлик, адолатпарварлик, ўзига бўлган ишонч қалбларни жунбушга келтириб, иштирокчиларда буюк аждодларнинг авлодлари эканидан фахр, ифтихор туйғуларини юксалтирди.

– Амир Темур ролини биринчи маротаба ижро этяпман, – дейди актёр Фозилбек Тўлагенов. – Саҳнага чиқишдан олдин илгари кузатилмаган ҳаяжон босди вужудимни. Чунки, Соҳиб­қирон образини моҳирлик билан гавдалантириш, унинг ҳар бир ҳаракатини қойилмақом бажариш, энг асосийси, томошабинларда илиқ таассурот қолдириш зиммамдаги масъулиятдир. Буюк шахс ролини ўйнаганимдан жуда хурсандман.

Тадбир давомида Ўзбекистон халқ артисти Бозорбой Узоқбергенов “Амир Темур монологи”ни ёддан айтиб берди.

Буюк Соҳибқирон шарафига ҳарбий хизматчилар фарзандлари томонидан шеърлар, миллий рақслар ижро этилди.

Байрам кечасига Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Нукус шаҳар кенгаши ташаббуси билан таклиф этилган жисмоний имконияти чеклаган болаларнинг ташрифи илиқ қарши олинди. Ҳарбийча либосларда келган байрам меҳмонлари куй ва қўшиқлар садолари остида маза қилиб рақсга тушди. Ҳарбийлар томонидан “жажжи меҳмонлар”га  сов­ғалар тақдим этилди.

Нукус гарнизони ҳарбий оркестри томонидан концерт дастури намойиш этилди.

ЎзА