Шу йилнинг 20 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикасида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, тегишли соҳа раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов кириш сўзи билан очди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Б.Матмуратов йиғилишда кўрилаётган масаланинг аҳамияти ва бу борада келгусидаги вазифаларга тўхталиб ўтди.
Кун тартибидаги масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Г.Маъруфова, Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари М.Аҳмедова сўзга чиқиб, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларга томорқадан фойдаланиш учун ер ажратиш, шунингдек, уларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун кредит олишига ёрдам кўрсатиш борасида амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими хусусида батафсил маълумот беришди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир, ишсиз ва касб-ҳунарга эга бўлмаган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 28 апрелдаги “Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида «маҳаллабай» ишлаш тизимида «Аёллар дафтари»ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича вақтинчалик тартиб тасдиқланди.
Қорақалпоғистон Республикаси бўйича жами 24 519 нафар хотин-қизлар «Аёллар дафтари»га киритилган бўлса, шундан 22 484 нафарига амалий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, 8008 нафарининг бандлиги таъминланди. 2402 нафар хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилди, 685 нафарига томорқадан фойдаланиши учун кўмаклашилди, 2949 нафар аёлларга кредит ажратилди.
Жами 117 нафар хотин-қизларга ижара компенсациясини тўлаб беришда ва уй жой билан таъминлашда ёрдам кўрсатилди. Биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган 64 нафар хотин-қизларнинг уйлари таъмирлаб берилди. 2083 нафарига тиббий, 838 нафарига ҳуқуқий, 905 нафарига эса психологик ёрдам кўрсатилди.
Йиғилишда хотин-қизларнинг муаммоларини тизимли ҳал этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Д.Абибуллаев.



